Болалар омбудсмани Самарқанд вилоят ҳокимлигини 78-сонли маҳсус боғчадаги шароитларни яхшилашга чақирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова бошчилигида Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори ходимлари томонидан Самарқанд вилоятида жой̆лашган болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасаларга мониторинг ўтказилди. Бу ҳақда «Народное слово» нашри ёзади.
Фотосурат: Алия Юнусова
Мониторинг давомида болалар учун яратилган шароитлар, уларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, соғломлаштирилиши, соғлом овқатлантирилиши ҳолати, таълими, жамиятга мослашуви, ижтимоий қўллаб-қувватланиши ҳолатлари, мавжуд муаммолар ва таклифларга эътибор қаратилди.
Самарқанд шаҳар, МТБга қарашли 78-махсус мактабгача таълим муассасаси ўрганилганда, унинг кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига айлантирилгани айтилди, лекин тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмади.
1974 йилда қурилган ушбу мактабгача таълим муассасасини охирги марта 2018 йилда фақатгина иссиқлик тизими таъмирланган. Қуввати 180 ўринли, ҳозирги кунда 105 нафар тарбияланувчи мавжуд, гуруҳлар сони 12 та, 10 та гуруҳ фаолият кўрсатаяпти. Ўрганиш кунида ташкилотда карантин сабабли фаолият шу кундан тўхтатилгани сабабли болалар йўқлиги айтилди.
Ташкилотнинг фаолияти жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг мактабгача таълим олишига, шунингдек, уларни тарбиялаш ва реабилитация қилишга қаратилган. Лекин муассасанинг жиҳозланиши «Мактабгача таълим муассасаларини ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари»га мос эмас. Бу эса ўз навбатида муассаса тарбияланувчиларининг ривожланишига қўйиладиган давлат талабларининг бажарилиши, шунингдек, таълим-тарбия ва коррекцион ишларни ташкил этиш ва тарбияланувчиларга таълим-тарбия ва коррекция-педагогик ёрдам берилишини таъминлашда тўсқинлик қилмоқда. Бундан ташқари муассасада ривожланишидаги нуқсонларни коррекциялаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тиббий абилитация ва реабилитация ўтказиш, болалар ривожланишидаги нуқсонларни компенсация ва коррекция қилиш борасида ҳам етарли шароитлар яратилмаган. Болалар тўғри овқатланишини ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш зарур.
Омбудсман матбуот хизматининг хабар беришича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Самарқанд вилояти ҳокимияти ва бошқа тегишли давлат ташкилотлардан 78-махсус мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини танқидий ўрганиб, аниқланган камчиликларни бартараф этилиши юзасидан муносабат билдиришини талаб қилмоқда.
Шарҳлар