24 март куни Шавкат Мирзиёев раислигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу йил ушбу дастурларни молиялаштиришга ҳамда ипотека кредитини тақдим этишга 31,5 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

«Оғир инқироздан чиққан йилимиз, ташқи қарз жалб этмасдан, шунча маблағ ажратаяпмиз. Бунақа имконият Ўзбекистон тарихида бўлмаган. Лекин бу пулни лойиҳа билан, ҳалол-пок ишлатиб, элга муносиб шароит яратиш керак», – дейди президент.

Йиғилишда олдин манзилли дастурларни молиялаштиришга ажратилган 10 трлн сўмдан 845 млрд сўми талон-тарож қилингани қайд этилди.
 
Биз Telegram-каналимизда ушбу маблағларни нималарга сарфлаш мумкинлигини ҳисобладик ва маълумотларни кўргазмали тарзда тақдим этдик:

845 млрд сўмга – 590 та мактабни таъмирлаш;
845 млрд сўмга – 800 дан ортиқ лифтни таъмирлаш;
845 млрд сўмга – 17 000 та болалар майдончасини қуриш;
845 млрд сўмга – 8300 км пиёдалар йўлакчаларини реконструкция қилиш мумкин эди.

Эслатиб ўтамиз, президент фармонига мувофиқ «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурлари доирасидаги қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш ҳамда ишлар ҳажмини ва смета қийматини асоссиз равишда ошириб кўрсатишга йўл қўймаслик учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари шахсий  жавобгар бўладилар.

Шунингдек, йиғилишда сектор раҳбарлари ўз ҳудудида бажарилаётган ишлар бўйича маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот бериши зарурлиги айтилди.

 
Бу ерда ва бош саҳифада фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилайди. Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.

Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди. Қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликларига ўн кун муддатда дастурга киритилган барча қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.

« “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак», - дейди Шавкат Мирзиёев.