Депутатлар иккита вояга етмаган шахснинг жинсий алоқаси учун жавобгарлик киритилишини кўзда тутадиган қонун лойиҳасини маъқуллади

3 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодексга ўзгаришлар ва қўшимчалар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг матбуот хизмати хабар беради.
 
Хусусан, Жиноят кодекси ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарликни белгилайдиган модда билан тўлдирилмоқда.
 
Бундан ташқари Жиноят кодексига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилмоқда.
 
Жиноят кодексида вояга етмаган шахсни Ўзбекистонда ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий   жавобгарлик, шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексига қўшимча киритилиб, мазкур жиноятнинг тергови ички ишлар органига тегишли экани белгиланмоқда.
 
Депутатларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши мажбурий меҳнатга тўлиқ чек қўйилишига, вояга етмаган шахсларнинг манфаатларини таъминлашга, бу борада Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилишига ва шу тариқа давлатимизнинг турли баҳолаш индексларидаги рейтинги кўтарилишига хизмат қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.