«Ўрмон хўжалиги ходимлари шахсий манфаатдорлик йўлида чўл саксовулларини сотиб юбормоқда» – Бухорода экологлар калтакланди

Бухорода вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ўрмон хўжалиги бошқармаси ходимлари ўртасида жанжал келиб чиқди. Икки бошқарма ходимлари ўртасидаги жанжал Жондор туманининг Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудида содир бўлган, деб ёзади “Дарё” нашри.

2021 йилнинг 28 январь куни вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 7 нафар ходими Жондор туманининг Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудига чиқиб, саксовул ўсимлигини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш бўйича рейд ўтказган. Тунги рейдда Жондор туман ўрмон хўжалигига тегишли 2 та «Нива» ҳамда 1 та «Жигули» автомашиналарда ўрмон хўжалигининг ўнга яқин ходими келиб, экология ходимлари билан жанжаллашиб, уларни калтаклаган ва машиналарга моддий зарар етказган.

«Дарё» мухбирининг ҳолатга ойдинлик киритишича, ўша куни соат 18:30 дан 19:00 га қадар бўлган вақт оралиғида экология ходимлари томонидан ташкил қилинган махсус тадбирда ўз шахсий автомашинасида саксовул ўсимлигини яширин равишда олиб кетаётган фуқаро қўлга олинган. Фуқародан тушунтириш хатлари олиниб, далолатнома тузилган ва автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

«Биз рейдга иккита автомашинада чиққанмиз, бири бошқармага тегишли «Нива» бўлиб, иккинчиси инспекция ходими Д.Б. бошқарувидаги Lacetti эди. Биз тахминан соат 20:00 да саксовулни талон-торож қилган фуқаронинг қинғир иши билан боғлиқ ҳолатни якунлаб, рейдни яна давом эттириш мақсадида яна Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудига қайтдик. Бу пайтгача бизни Жондор тумани ўрмон хўжалиги участка бошлиғи Н.Ҳ. бир неча марта кузатиб кетди. Соат 22:00 да бизнинг кутув объектимизга кутилмаганда 2 та «Нива» ва 1 та «Жигули» келиб тўхтади. Ундан тушган 10 га яқин киши ўзларини ўрмон хўжалиги ходимлари деб таништирди. Аввалига бошқармамизга тегишли «Нива» ҳайдовчисига мушт кўтарди. Ҳар бирининг қўлида махсус ясалган таёқлар ва темир анжомлар бор эди. Биз эса бундай пайтда машинадан тушиш ёки тушмасликни билмадик. Тўғриси, ўзимизнинг ҳимоямиз учун машиналар эшигини қулфлаб, ойналарини кўтардик. Бироқ улар худди қутирган кимсалардек, Lacetti’нинг олд ойнасини чил-чил қилишди. Қочишга мажбур бўлдик. Улар 6 киши эдик, дейишяпти, аслида, улар 10 дан ортиқ эди», – дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси. 

Жондор туман ўрмон хўжалиги ходимларининг қалтис ҳаракатлари оқибатида кўнгилсизлик юзага келган. Экология инспектори Д.Б.нинг кўз ва кўз атрофи, юз қисмларига автомашинаси ойнасининг зарб билан синиб сочилиши сабабли шиша синиқлари кирган ва қаттиқ жароҳатланган.

«Кўзларимни очолмайман, кўзларим атрофидан қон оқяпти, оғриқ жонимдан ўтаётганига қарамай, шу жароҳатланган ҳолда машинани ҳайдаб қочиб, жонимизни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Бошқармамизга тегишли «Нива» бошқа томонга, биз эса чўл ичига қараб, машинани илдамлатдик. 100—150 тезликда ҳайдаяпман, бир томондан қоронғулик, зим-зиё, иккинчи томондан 3 та машина икки томондан қисиб келаяпти. 60—65 километр масофагача бизни таъқиб қилиб келишди. Қўққисдан машинамиз чўл ҳудудини кесиб ўтувчи темир йўлга жуда қаттиқ зарб билан урилди. Шундан сўнг бизни таъқиб қилиб келаётган ўрмон хўжалиги ходимлари ортга қайтиб кетишди ва биз Жондор туман ИИБга бордик», – дейди Д.Б.

Д.Б.нинг айтишича, у икки кун давомида вилоят Кўз касалликлари шифохонасида даволанган, шифокор унга чап кўз гавҳарида шиша синиғи қолганини, уни олиб ташлаш ишлари пойтахтда ёки хорижда амалга оширилиши мумкинлигини билдирган.

«Бизни калтаклашган куни инспекторлар деб ўйлашиб, қўй-қўзиларидан хабар олгани борган чўпонлар-у, маҳаллий аҳолини ҳам қаттиқ уришган. Тўғриси, бундай ҳолат биринчи марта содир бўлмаяпти. Майли, менинг кўзимга Аллоҳ шифо йўллар, автомашинам тузатилар. Аммо масала бунда эмас. Ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан шахсий манфаатдорлик учун чўл саксовуллари сотиб юборилмоқда. Коррупцион ҳолатлар авж олган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бундай ҳолатлар чуқур ўрганилмас экан, чўл ҳудудидаги саксовул ўсимлиги талон-торож бўлаверади. Оқибат эса қум кўчишлар содир бўлиб, аста-секин манзиллар шўрхок тупроқлар таъсирида қола бошлайди», — дейди Д.Б.

Д.Б.га кўра, терговга қадар суриштирув давомида сўроқ қилинаётганлар орасида жанжалда иштирок этмаганлар ва ҳолат жойида бўлмаганлар ҳам бор. Негадир, улар жанжал оқибатларини ўз бўйнига олмоқда.

«Жондор туман Ўрмон хўжалиги ўрмончилари билан аввалдан келишмовчилик бўлган. Бунинг ортида эса манфаатдорлик ётибди… Биз эса рейд қилсак, уларнинг ишига халақит берамиз, холос», — дейди Аброр Хамидов.

Вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ўктам Раззоқовнинг «Дарё»га билдиришича, содир этилган ҳолат юзасидан ўрмон ходимлари билан учрашиб, аниқлик киритиш имкони бўлмаган. Боиси улар айни пайтда терговда, сўроқ қилинмоқда. «Ҳозирги пайтгача бирор марта бундай ҳолат юзага келмаган, аммо ҳаммасини ўрганиб чиқаман», — деди у. Жондор туман ўрмон хўжалиги бўлими бошлиғи Жасур Худойқулов ҳам, фаолият давомида бирор марта бундай келишмовчилик содир бўлмаганини, ҳар икки томонда ҳам ёшлар борлиги ва ўрталарида бироз тортишув чиқиб қолиб, оқибатда кўнгилсизлик юзага келганини билдиради.

Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг маълум қилишича, Жондор туман ИИБ навбатчилик қисмида терговга қадар текширув ҳаракатлари бошлаб юборилган. Ҳозирги кунда Жондор туман ИИБ томонидан тан жароҳати олган шахсларнинг жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, тиббий кўрикдан ўтказилган. Шунингдек, фуқаро Д.Б.га тегишли бўлган Lacetti’га етказилган моддий зарарни аниқлаш мақсадида баҳолаш экспертизаси тайинланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.