Human House асосчиси бузилиши режалаштирилган уйни сотиб олишга муваффақ бўлди
Human House галереяси жойлашган Тошкент шаҳрининг марказидаги эски уй бузилиш таҳдиди остида қолганди. Бу жойда меҳмонхона қурилиши режалаштирилганди. Объектни сотишга халақит қилиб бўлмасди, чунки у хусусий мулк бўлиб, уни 150 минг долларга сотиб олиш мумкин эди. Human House асосчиси Лола Сайфи бу маблағларни краудфандинг ёрдамида тўплади. Шунингдек Сайфи ёрдам сўраб миллиардер Алишер Усмоновга ҳам мурожаат қилганди.
«Ҳа! Биринчи қадам ташланди, ушбу олижаноб қадамни ташлаган инвестор топилди! Бу аёл киши, дўстлар! Агар у ўз исмини ошкор этишларига рухсат берса, ҳаммангизни у билан бажонидил таништирамиз. Шу ой давомида биз жуда мураккаб вазиятлардан ўтдик. У нафақат инвестор, балки ҳақиқий ҳамкор, жангчи ва ҳатто дўст эканини кўрсатди», – деб ёзади Лола Сайфи ўзининг Facebook-аккаунтида.
Шунингдек Сайфи краудфандинг ёрдамида тўпланган маблағлар учун ҳам миннатдорчилик билдирди “Ҳаммаси асқотди! Биз тўплаган пуллар ҳам уйни сотиб олишга жуда катта ёрдам берди. Жуда кўп одамлар ва ташкилотлар бизга ёрдам қўлини чўзди! Бу жуда ажойиб! Биз учун қилган ҳамма ишларингизни самимий қадрлаймиз”.
Шарҳлар