Комил Алламжонов “Ўзбеккино” мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича фикр билдирди
Бош прокуратура томонидан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар беради.
Мазкур жиноят иши қўзғатилишига Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти мутахассислари томонидан “Ўзбеккино” Миллий агентлигида ўтказилган текширув ҳужжатлари асос бўлган, дея қайд этилади хабарда.
Тергов жараёнида,“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиниб, молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинланган.
Аниқланишича, 2018 йил 22 июнда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда“Best organaizer” МЧЖ ўртасида “Менман, Жалолиддин” номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн. сўм маблағ тўлаб берилган.
Лекин, ушбу фильмни суратга олиш ишлари “Мендирман, Жалолиддин” номи билан Туркия Республикасидаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш ҳаражатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, “Ўзбеккино” Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган.
Бош прокуранинг қайд этишича, 2020 йил 3 октябрь куни тақдимот маросими бўлиб ўтган “Мендирман, Жалолиддин” фильмига тегишли ҳужжатлар олинмаган ҳамда ушбу фильмни ишлаб чиқарган шахсларни жиноят ишига ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ.
«Ўзбеккино» агентлиги Саида Мирзиёеванинг ушбу ишга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни асоссиз деб айтмоқда, шунингдек жиноий иш «Менман, Жалолиддин» фильми бўйича қўзғатилмаганини қайд этади.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фондининг васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов бу ҳақда ўз фикрини билдиради:
«На «Ўзбеккино»нинг, на давлат бюджети маблағларининг яқинда тақдимоти бўлиб ўтган бу сериалга алоқаси йўқ. “Ўзбеккино” бу фильмни аввал бошидан суратга олишни хоҳлаган ва маҳаллий компанияга буюртма берган, аммо билмадим, балки ўша компания бу ишнинг уддасидан чиқмагандир, балки улар келиша олишмагандир, аммо факт фактлигича қолмоқда – лойиҳа амалга оширилмаган».
Унинг сўзларига кўра, “шундан сўнг бу лойиҳани кимдир амалга оширган, меҳнати ва кучини сарфлаган”.
«Давлат бюджетидан бир тийин сарфламасдан, ҳомийларни жалб қилган, энг яхши профессионаллар ишлаган. Энг асосийси – ажойиб лойиҳа пайдо бўлган. Энди эса уларни айбсиз айбдор қилишмоқда», – дейди Комил Алламжонов.
3 октябрь куни Tashkent конгресс-холлида Чингизхон билан куршган саркарда Хоразмшох Жалолиддин Мангубердига бағишланган ушбу тарихий сериалнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувохидов, маданият вазири Озодбек Назарбеков, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева, Ўзбекистон ва Туркия маданияти ва санъати арбоблари, ҳукумат, дипломатик корпус вакиллари, Фанлар академиясининг олимлари, тадбиркорлар ва бошқалар қатнашди.
UzDaily тарқатган хабарга кўра, Маданият вазирлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди, Best organizer МЧЖ (таъсисчилар: Илёс Ибрагимович Дадабаев – 52%, Жафарбек Озодбек ўғли Назарбеков – 48%) лойиҳанинг ташкилотчилари сифатида чиққан. Лойиҳанинг бош ҳомийси – Orient Finans Bank. Сериал Туркиянинг Bozdag Film компанияси томонидан суратга олинган.
Шарҳлар