Мактабларда таълим шакли масаласи очиқлигича қолмоқда

Мактабларда таълим шакли масаласи очиқлигича қолмоқда

Ўқув йилининг бошланиши аралаш сценарий бўйича амалга оширилиши мумкин, дея хабар беради халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

“Биз 3 та сценарий бўйича ишлаётган эдик: 1) анъанавий мактабни очиш, 2) онлайн мактаб орқали ўқитиш ва 3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий ҳам онлайн. Телеграм орқали деярли 1 млн. фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70% ота-она бола соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30% эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган”, – дея қайд этади у.
 
Вазирлик раҳбарининг таъкидлашича, экспертлар янги йилги ўқув йилини 14 сентябрь – душанба кунидан бошлашни таклиф қилган.
 
Шунингдек, бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, хавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилган.

Вазир ота-оналарни мактабларни очиш масаласида ўтказиладиган сўровномада қатнашишга чақирмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.