Мирзиёев бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор янги чораларни эълон қилди

Мирзиёев бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор янги чораларни эълон қилди

Бугун Тошкентда Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Биз йиғилишда тилга олинган асосий бандларни тўпладик.

Биринчидан, кичик бизнес ва фермер хўжаликларига ижтимоий солиқ ставкаси май-июль ойларида 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Бунинг натижасида 260 мингдан зиёд корхона ва фермер хўжаликлари жами 650 миллиард сўм маблағларни тежаган ҳолда, уларни сармоя ва айланма маблағ сифатида ишлатиш имконига эга бўлади.

Иккинчидан, кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар келгуси уч ой давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади. Бунинг ҳисобига 50 мингдан ортиқ тадбиркор 300 миллиард сўмни тежайди ва уларнинг айланма маблағи кўпаяди.

Шунингдек, аввалги қарорга асосан, апрель-май ойларида 1 мингдан зиёд тадбиркорнинг ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган 80 миллиард сўм тўловлари кечиб юборилади.

Учинчидан, тадбиркорларга божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Бу уларга жами 540 миллиард сўмни тежаш ҳамда ушбу маблағларни ўз бизнесини ривожлантиришга йўналтириш имконини беради.

Тўртинчидан, эҳтиёжманд оилаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақа олувчи оилалар сони қўшимча 70 мингтага ёки 10 фоизга кўпайтирилиб, бюджетдан яна 200 миллиард сўм ажратилади.

Бешинчидан, илгари ставкаси 22 фоизгача бўлган инвестиция кредитлари бўйича фоизлар қисман давлат томонидан қоплаб берилган бўлса, энди ставкаси 26 фоизгача бўлган кредитларнинг фоизлари ҳам қисман қоплаб берилади.

Шунингдек, тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун 500 миллиард сўмгача (илгари 10 миллиард сўмгача) берилган кредитлар бўйича компенсация миқдори 5 фоиздан 10 фоизга оширилади.

Олтинчидан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий қилинган аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун кредит бериш тажрибаси Тошкент шаҳрида ҳам татбиқ этилади. Шу орқали пойтахтда қарийб 10 мингта мавсумий иш ўринлари яратилади.

Еттинчидан, маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотига нисбатан ички талабни ошириш ва шу орқали уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ташкилотларига III-IV чоракдаги харидларини II чоракда амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

Умуман, иқтисодиётни ва фуқароларни янада қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.