Молия вазирлиги: Сурхондарё вилоят солиқ бошқармаси Equinox харида ҳақидаги ҳужжатларни қалбакилаштирган
Сал аввалроқ Сурхондарё вилоят солиқ бошқармаси 349 млн сўмга Equinox автомобилини харид қилгани ҳақида хабар бергандик. Молия вазирлиги Nexia-3 сотиб олишга рухсат берган, аммо ДСБ Equinox автомобилини молия органига русхат сўраб хат ёзиш ва жавоб хатини олишдан аввал сотиб олган, деб ёзади UzNews нашри.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан, бошқарма балансидаги мавжуд 2013 йилда ишлаб чиқарилган “Нексия-2” русумли автотранспорт воситаси бугунги кунда эскириб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида бир дона хизмат автомашинаси харид қилишга рухсат сўраб, 2020 йил 2 октябрдаги 23-31631-сонли хат билан Молия вазирлигига мурожаат қилинган.
Мазкур мурожаатга Молия вазирлигининг 2020 йил 9-октябрдаги ЕС 8724-сонли жавоб хати билан юқоридаги автотранспорт воситасини ўрнатилган тартибда сотиш ҳамда унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Нексия-3” русумли хизмат автомашинаси харид қилишга эътирози йўқлиги маълум қилинган.
Бироқ, Бошқарма томонидан Ўзавто дилери “Авто-центр-Қашқадарё” билан Бошқарма ўртасида 2020 йил 30 сентябрда тузилган 3-250-2020-1563UA-сонли шартномага асосан 349 млн сўмга Equinox русумли автотранспорт воситаси харид қилингани аниқланган.
Молия вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат суриштирувига асосан, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган хат, хусусан, Сурхондарё вилоят Ғазначилигига тақдим этилган Молия вазирлигининг юқорида қайд этилган 2020 йил 9-октябрдаги ЕС 8724-сонли хати ўзгартирилганлиги, яъни ““Нексия-3” русумли” сўзлари чиқариб қалбакилаштирилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратурага ваколати доирасида мазкур хатга ўзгартириш киритган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши юзасидан ўрнатилган тартибда мурожаат йўлланган ва хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғи қабул қилинган.
Шарҳлар