МТВ: кийимда иккитадан ухлаётган болаларнинг сурати шахсий қасос мақсадида уюштирилган
2019 йил 28 декабрда Telegram-каналларда Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги 6-сонли болалар боғчасида олинган фотосуратлар тарқалганди. Уларда болалар иссиқ кийимда иккитадан битта каравотда ухлаётгани акс этган. Мактабгача таълим вазирлигида суратлар уюштирилганлигини айтишмоқда.
«Фотосуратларда акс этган нарсалар саҳналаштирилган бўлиб, тарбиячи томонидан 6-сонли боғча мудирасидан шахсий ўч олиш мақсадида суратга олинган. Бундан олдин мудира тарбиячини жамоа олдида масъулиятсизлиги учун койиган экан. Аёл суратларни олиб, уларни жиянига юборган, у эса фотосуратларни блогерлар орасида тарқатган», – дейилади вазирлик тарқатган хабарда.
МТВ мутахассиси болалар боғчасидаги шароитларни бориб текширган. Унинг натижаларига кўра, боғча гуруҳларидаги ҳарорат 23 даражани ташкил қилади.
«Мактабгача таълим ташкилоти мудирасининг сўзларига кўра, куз-қиш мавсуми учун 21 тонна брикетли кўмир ва 9 тонна қора кўмир харид қиилнган. Айни пайтда иситиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмас.
Боғча етарли миқдорда каравотлар билан таъминланган. 2019 йилда Давлат инвестиция дастури бўйича қўшимча янги бино қурилиб, асосий бино реконструкция қилинган, шунингдек боғча янги мебель ва бошқа жиҳозлар билан жиҳозланган », – дейилади хабарда.
Вазирлик блогерларни маълумотларни текширишга чақирди.
«Бувайда туманидаги 6-сонли МТТ тарбиячисига нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Прокуратура ҳам вазиятни ўрганишда давом этмоқда», – дея хулоса қилади вазирлик.
Шарҳлар