Прокуратура органлари қурилиш соҳасида 38 млрд сўмлик талон-тарожликни аниқлади
2020 йил 6 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитасида Қурилиш вазирлигининг “Соҳада коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Прокуратура маълумотларига кўра, 2019-2020 йил апрель ҳолатига, прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида 38 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар, имтиёзли қурилиш материаллари ва бошқа моддий бойликлар талон-тарож қилинган. 2018-2019 йилларда қурилиш соҳасида 365 та жиноят содир этилган бўлиб, унинг 72 фоизи коррупция билан боғлиқ. Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 14 нафарини қурилиш вазирлиги тизими ходимлари ташкил қилган.
Таъкидлаш жоиз, қурилиш соҳасидаги Регламентларда бир қатор нормалар қурилиш вазирлиги тизимида ишловчи ходимлар учун коррупция ва бюрократияга сабаб бўлувчи омиллар сифатида қолмоқда.
“Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари” (ШНҚ) маънан эскирган. Ундаги бир қатор қоидалар замон талабларига мос келмаслиги билан бир қаторда фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларига ортиқча мажбурият юклайди. Депутатлар бу борадаги фаолиятда коррупция ва бюрократиянинг олдини олиш билан бирга қонун ҳужжатларини амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалариларини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидладилар.
Эшитувда қурилиш обьектлари бўйича ўтказиладиган тендер (танлов) жараёнида энг кўп коррупция ҳолатлари рўй бериши алоҳида таъкидланди. Хусусан, капитал қурилиш объектларини қуриш учун ғолибларни аниқлашда манфаатлар тўқнашуви бевосита намоён бўлиши, бу борада шаффофлик ва очиқлиқнинг йўқлиги унда коррупцион ҳолатлар авж олишига олиб келиши билдирилди.
Эшитув якунида Қурилиш вазирлигига қурилиш соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш, ўтказиладиган танлов (тендер)ларни ахборот технологияларини жорий этган ҳолда онлайн режимда ташкил этиш, доимий равишда “коррупцияга қарши ички аудит” олиб бориш, қурилиш соҳасида қонуности ҳужжатларини қисқартириш, ноаниқлик келтириб чиқарувчи ёки жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбурият юкловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўриш, вазирлик тизимида Жамоатчилик кенгашининг коррупцияга қарши курашишдаги иштироки ва ролини оширишга кўмаклашиш вазифаларини юклаш бўйича Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг қарори қабул қилинди.
Шарҳлар