Қибрайда саёҳат чемоданидан Олий суд собиқ ходимининг мурдаси топилди

Қибрайда саёҳат чемоданидан Олий суд собиқ ходимининг мурдаси топилди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида саёҳат жомадонидан мурда топилди. Бу ҳақда Xabar.uz нашри Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда маълум қилади.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг 8 август куни кечга яқин Қибрай тумани ИИБга «Қодирия ГЭСлар Каскади» унитар корхонаси 11-сонли ГЭСининг 2-аванкамерасида саёҳат чемоданига инсон жасади тиқиб қўйилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилганда, дарҳақиқат, ярим очиқ ҳолатдаги «BIAHao» саёҳат чемодани ичида сочларига оқ оралаган эркак кишининг жасади борлиги маълум бўлди.
 
Мурдани кўздан кечириш давомида унинг баданида тан жароҳати ва ундан қолган излар аниқланмаган. Шимининг чўнтагидан жами 410 000 сўм миқдорда нақд пул топилган.
 
Олиб борилган тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида мурданинг шахсига ойдинлик киритилган: у 1968 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилиб келган Ш.А. экани аниқланди. Марҳум илгари Ўзбекистон Республикаси Олий судида таъминотчи вазифасида ишлаган.
 
Дастлабки маълумотларга кўра, Ш.А. шу йилнинг 7 август куни эрталаб уйидан «Gentra» русумли автомашинасида Тошкент шаҳридаги Республика Шошилинч тез тиббий клиник (собиқ 6-сонли) шифохонасига чиқиб кетган.
 
Мазкур транспорт воситасини аниқлаш бўйича «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилиниб, транспорт воситаси қаерда эканлигини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
 
Бўстонлиқ тумани суд тиббий экспертиза бўлинмасининг бирламчи маълумотномасида марҳум Ш.А. «бўйин аъзолари тўмтоқ жисм таъсирида сиқилиши оқибатида юзага келган механик асфиксия»дан вафот этгани қайд этилган.

Айни пайтда ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятни фош этиш мақсадида Тошкент вилоят ИИББ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда туман ИИБ ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар ташкил этилиб, тергов ҳамда тезкор-қидирув ҳаракатлари амалга оширилмоқда, дейилади Бош прокуратура маълумотида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.