Қурилиш вазирлиги девори шамолда қулаган бинодаги қурилиш ишларини назорат қилишга ваъда берди
8 май куни ижтимоий тармоқларда қурилиши охиригача етказилмаган бино девори шамолдан қулаётгани акс этган видео тарқалди.
Қурилиш вазирлигининг матбуот хизмати ушбу кадрларга изоҳ берди. Хабарда айтилишича, ушбу ҳолат Мирзо Улуғбек тумани, Тўрт ариқ кўчаси 3 ва 5-уй манзилида жойлашган, фуқаро Р.А.Пишенкога тегишли бинода содир бўлган. Мазкур бино турар жой чегара ҳудудидан чиқмаган ҳолда нотурар жой тоифасига ўтказилган. Ҳозирда “Бизнес марказ” сифатида қайта таъмирланаётган бўлган.
Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилган. Маълум бўлишича, карантин сабабли 4 ва ундан юқори қаватларда ташқи деворларни териш ишлари охирига етказилмай қолиб кетган. Яъни деворларнинг охирги қатори терилмай, темирбетон сердечник ва перемычкалар ўрнатилмай қолган. Натижада, ойна ва эшик проемлари боғланмагани туфайли, 2020 йилнинг 8 май куни кузатилган кучли ёмғир ва шамол оқибатида бинонинг юқори қаватидаги ташқи деворнинг бир қисми объект ҳудудига қулаб тушган. Қўшни бино ва иншоотларга, инсонларга зарар етмаган.
Объектда янада кўпроқ талофатлар келиб чиқмаслиги учун юқори қаватдаги ташқи деворлар атайин бино ичкарисига демонтаж қилинган.
Ҳозирги кунда объект ҳудудида тозалаш ишлари олиб борилмоқда ва ташқи деворни қуриш ишлари белгиланган норма ва меъёрлар асосида олиб борилиши қатъий назоратга олиниши маълум қилинди.
Шарҳлар