Қурилиш вазирлиги: Қаршида меҳмонхона қурилиши ноқонуний олиб борилган
«Қарши шаҳри марказида меҳмонхона қурилиши ноқонуний олиб борилган», – Қурилиш вазирлиги Қаршида қулаб тушган 5 қаватли бино билан боғлиқ вазиятга изоҳ берар экан, ана шундай баёнот билан чиқди. Бу ҳақда “Новости Кашкадарьи” нашри хабар беради.
Вазирлик матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, “Насаф-Травел” компанияси қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияни хабардор қилмаган. Содир бўлган воқеа ҳолатларини ўрганиш давомида 2018 йил 5 июнда Қарши шаҳар ҳокимининг ““Насаф-Травел” компаниясига қарашли 4566,92 м.кв. майдондаги “Меҳмонхона ва ресторанни” реконструкция қилишга ҳамда ўз ҳудудида ёрдамчи биноларни қуришга рухсат бериш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, буюртмачига қатор талаблар қўйилган, хусусан, архитектура ва қурилиш соҳасидаги вилоят давлат назорати инспекциясининг рухсатини олиш ҳам керак бўлган. Бироқ “Насаф-Травел” компанияси бу талабларни бажармаган.
Вазирлик матбуот-хизматининг хабарида инспекция бир неча марта “Насаф-Травел” компаниясини ушбу объект ноқонуний қурилаётгани ҳақида огоҳлантирганлиги (2019 йил 29 ноябрдаги 30-сонли хат, 2020 йил 28 февралдаги 141-сонли хат) айтилади, бироқ объектда қурилиш-монтаж ишлари давом этган.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни соат тахминан 21.30 да Қарши шаҳрида қурилаётган 5 қаватли бинонинг бетон плиталари қулаб тушган. Бунинг натижасида бир киши ҳалок бўлган.
Шарҳлар