Давлат солиқ қўмитаси норезидентларни солиққа тортишни таклиф этмоқда

Давлат солиқ қўмитаси норезидентларни солиққа тортишни таклиф этмоқда

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган «Трансферт нархини белгилашда солиқ назорати ва норезидентларнинг солиқ солиш маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди, дея хабар беради “Дунё” АА.

Ушбу лойиҳа янги таҳриридаги Солиқ кодекси низомларини яхлит тарзда амалиётга татбиқ этишни таъминлаш, шунингдек, трансферт нархини белгилашда солиқ назоратини таъминлаш ва норезидентлар солиқ солиш маъмуриятчилигининг самарали тизимини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарор қабул қилинган тақдирда чет эллик шахсга даромад тўлангани юзасидан солиқ органини хабардор қилиш тартиби ва шакли ҳам тасдиқланади. Лойиҳада солиқ органлари солиқ қонунчилигига мувофиқ, солиқ тўловчиларни назорат қилинадиган битимлар тўғрисида хабардор қилиш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалари орқали фаолият кўрсатувчи хорижий юридик шахсларнинг бошқарувга оид ва умуммаъмурий харажатларини аниқлаш қоидаларини соддалаштиради.

Лойиҳа билан трансферт нархларини белгилашни қўллаш мақсадида офшор юрисдикциялар рўйхати тасдиқланади, шунингдек, ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларнинг солиқ маъмуриятчилигини ва трансферт нархларини белгилашни назорат қилиш тартибга солинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.