Россия ва Қозоғистон чегарасида ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар иштирокида тўқнашув содир бўлди

Россия ва Қозоғистон чегарасида ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар иштирокида тўқнашув содир бўлди

Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош Самара областида Марказий Осиёлик муҳожирларнинг Росгвардия ходимлари билан тўқнашуви содир бўлди, дея хабар беради РБК. Росгвардияда хизмат жангчиларининг низода иштирок этишганини рад қилишди.

Mash нашри тарқатган хабарга кўра, Самара областида чегара ёнида бир неча юз ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар тўпланиб қолган бўлиб, улар Қозоғистон орқали уйларига кетишга уринмоқда. Бироқ Қозоғистон чегараси пандемия туфайли ёпиқлигича қолмоқда. Чегара ёнида қолиб кетган одамлар палаткали лагерларда яшамоқда.

Mash нашрининг ёзишича, палаткали лагерда яшаётган муҳожирлар чегарадан ўтишга уринган. Ушбу Telegram-канал камида бир неча юз нафар киши йўл бўйлаб кетаётгани, уларни формали кишилар тўхтатишга уринаётгани акс этган видеони жойлаштирди.  Колоннадаги одамлар тўсиқни айланиб ўтишга ҳаракат қилади, уларнинг олдига эса куч ишлатар хизмат ходимлари қалқонлар ва тўқмоқлар билан югуриб келишади. Тартибсизлик бошланади, формадаги одамларга тош ота бошлашади.

«Мендаги маълумотларга кўра бу 3 август куни содир бўлди. У ерда жабрланганлар, ҳибсга олинганлар бўлмади. Буни тўқнашув деб айтиш қийин, шунчаки қандайдир бир қўзғалиш бўлди. Ҳозир палаткали лагерда ҳаммаси тинч, ҳеч нима юз бермаяпти», — дейди РБКга Самара области ҳукуматида ишлайдиган суҳбатдоши.

У юз берган воқеа Қозоғистон чегараси ёпиқлигича қолаётгани билан боғлиқлигини тасдиқлади. “Тошкент расмийлари, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси мунтазам равишда юртдошларидан чегарада тўпланмасликни сўрамоқда. Шунингдек Ўзбекистон фуқароларидан ижтимоий тармоқлардаги ёлғон хабарларга ишонмасликни ва улар ҳозир қаерда бўлса, ўша ерда қолишларини илтимос қилишмоқда”, — дейди РБК суҳбатдоши.

Росгвардия куни кеча куч ишлатар хизмт ходимлари билан тўқнашув бўлганини тасдиқлади, аммо идора ходимларининг ундаги иштирокини рад этди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.