1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келган.
Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.

Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига (ФВДТ) кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Сардоба тумани “Қўрғонтепа” МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинган.

Хусусан, “Қўрғонтепа“, “Дўстлик“, “Юртдош“ МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли шулар жумласидандир.
 
Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош”, “Ота юрт”, “Бирлик” МФЙларидан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.

Воқеа жойига республика ҳукумати раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия (МГ) ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқдалар.

Мазкур тадбирларга Сирдарё вилояти ФВБдан 430 нафар шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан нафар 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан нафар 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан нафар 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди.