Сенат: маҳкума аёлларга болалари билан узоқроқ учрашувлар тақдим этилиши мумкин
Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.
Қонунда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутади. Хусусан, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинмоқда. Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда. Яъни маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилмоқда.
Қонун билан Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси тўлдирилиб, маҳкумларнинг илтимосига кўра учрашувлар ва телефон орқали сўзлашувларни кўпайтириш ҳамда видео-учрашувлар билан алмаштириш тизими жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда.
Шарҳлар