Сенат: Сардоба фожиасида жабрланганларнинг 83,4% ўз яшаш жойларига қайтди
Сирдарё вилоятида Олий Мажлис Сенати кенгашининг кўчма йиғилиши ўтказилди. Унда учта тумандаги 28 та маҳалладан 89 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилингани маълум қилинди. Бугунги кунга қадар уларнинг 83,4 фоизи ўз яшаш манзилларига қайтарилган. мажлисда Сирдарё вилоятида юз берган техноген ҳолат оқибатида жабр кўрган фуқаролар муаммоларини яна бир бор ҳукумат даражасида Ишчи гуруҳ ташкил қилган ҳолда пухта ўрганиш зарурлиги таъкидланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар беради.
Бугунги қадар уйлари яроқсиз ҳолга тушган фуқароларни янги уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2 640 хонадонли 66 та кўп қаватли уй қуриш режаси 56 фоизга бажарилган.
Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида талафот кўрган 54 та фермер хўжалигининг 4 204 гектар пахта ва ғалла майдонларига экинларни қайта экиш учун суғурталанмаган 9,5 млрд. сўмлик зарарни қоплаш масаласи ҳал этилмаган.
“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Сардоба туманида амалга оширилиши кўзда тутилган 275 млн. сўмлик 3 та, Мирзаобод туманида қиймати 260 млн. сўмлик 8 та лойиҳа тегишли мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги сабабли бажарилмаган ва ёшлар учун мўлжалланган янги иш ўринлари яратилмаган. 186 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмас. Аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари ҳам етарли даражада ташкил қилинмаган, 11 та маҳалладаги вақтинчалик ишсиз қолган ва хориждан қайтиб келган 4 325 нафар ишсиз фуқаронинг 31 фоизи ишга жойлаштирилган.
«Мажлисда техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш борасида ечимини кутаётган айрим муаммоларга эътибор қаратилди. Хусусан, жами 175 та тадбиркорлик субъектидан 32 тасига етказилган зарар миқдори 9,1 млрд. сўм деб аниқланган бўлса-да, қолган 143 та тадбиркорнинг мол-мулкига етказилган зарар миқдори бўйича аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилмаган ва зарарни қоплаш бўйича ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмаган», – дейилади парламент юқори палатасининг хабарида.
Шарҳлар