Термизда халқаро савдо маркази пайдо бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз халқаро савдо маркази бош режаси билан танишди. Ушбу марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилган. Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари барпо этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.

Лойиҳага кўра, бу ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари бўлиши мўлжалланган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган.

Халқаро савдо марказининг йиллик савдо айланмаси 500 миллион доллар, хизматлар ҳажми 10 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. 192 миллион долларлик экспорт қуввати пайдо бўлади.

Марказнинг қурилиш ишларини бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион доллар ажратилди. Давлат раҳбари марказ биноларини енгил конструкциялардан қуриш, вилоят тадбиркорларини бу ерда ишлашга ва экспорт фаолиятига жалб қилиш, чет эллик ишбилармонлар учун барча қулайликлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Термиз халқаро савдо марказини 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.