«Ўқитувчи кириб дарсда маъруза қилмаган ва болалар пайпоғини ўлчаб расмга олмаган» – Халқ таълими вазирлигининг 110-мактабдаги вазиятга жавоби
Халқ таълими вазирлиги 110-сонли мактабдаги вазиятни ўрганди. Вазирлик ота-оналардан “бола мактабдан уйга олиб келаётган гапнинг тагига етмасдан, ўқитувчи ва мактабнинг обрўсини тўккандан кўра, унинг тарбиясига кўпроқ эътибор қаратишларини” сўрамоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар беради.
Вазирлик юз берган видеони чоп этди. «Видеода кўриб турганингиздай, педагог блогернинг постида ёзилган маърузани ўқимаган, бунинг устига ҳеч ким болаларнинг пайпоғини ўлчамаган ва суратга олмаган».
Вазирликнинг қайд этишича, “баъзи ота-оналар фарзандининг тарбияси билан шуғулланиш ўрнига уни ортиқча эркалатиб, ўқитувчи ва мактабни айблаб, айниқса бугун ўзи етарли бўлмаган эркак ўқитувчиларни ишига халал беришни афзал кўрмоқда”.
Видеотасвирдаги ҳолат 110-умумтаълим мактабининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси ҳамда директор ўринбосари ўқувчининг телефон ўйнаб ўтирганини ҳамда ўқитувчига нисбатан ҳурматсизликни кўриб, синфга киришга мажбур бўлган вақтида юз берган.
«Телефон билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилинганидан сўнг улар томонидан болалар тартибга чақирилган ҳамда ўқувчиларнинг ўзларини дарсда тутишлари, ўқитувчига ҳурмат, дарсга эътибор қилиш, жисмоний тарбия кийимида дарсда ўтирмаслик каби масалалар бўйича тушунтириш берилган».
“Видеотасвирдан бу ҳолат блогер айтганидек 20 дақиқа эмас, 9 дақиқа давом этгани кўриниб турибди”, – дейилади хабарда.
«Ўзбек тили дарси бузилди деб жар солаётган ўзбек тили ҳимоячиси, ўқувчиларнинг ўзбек тили ўқитувчисини ва дарсни қанчалик беҳурмат қилаётганини ҳам ушбу видеодан холис ўрганиб, ота-оналарни ҳам ўз фарзандлари тарбиясига эътиборлироқ бўлишга чақиришини истаб қолардик.
Видеодаги ўқувчиларнинг юриш-туришидан тортиб, ўзини тутишигача хатти-ҳаракатлари ота-оналардан бола тарбиясига яна бир карра эътиборлироқ бўлиш лозимлигини талаб қилади.
«Видеотасвирни диққат билан кузатадиган бўлсак, ўқитувчи томонидан дарс сўнггигача муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу ҳақида сўз бормаганига гувоҳ бўлиш мумкин. Муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу эса танаффусга қўнғироқ чалинганидан сўнг ўқитувчи томонидан ўқувчи қизнинг нега бундай кийимга эътибор қилаяпсизлар деган мазмундаги саволига жавоб тарзидаги шахсий фикри сифатида айтилганлиги маълум бўлди».
Вазирликнинг қайд этишича, ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли 2 нафар эркак ўқитувчи бироз қизишиб гапирган ва директор ўринбосар келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилган.
“Видеодан кўриниб турибдики, атайлаб шов-шув қилинган мавзу бўйича ўқитувчи кириб дарсда маъруза қилмаган ва болалар пайпоғини ўлчаб расмга олмаган. Бу бўйича вазирлик томонидан мактабларга ҳеч қандай топшириқ бўлмаганлигини ҳам аввал маълум қилганмиз”, – дейилади хабарда.
Видеода 2 нафар эркак педагогнинг ўқувчилар тарбиясига бефарқ эмаслигини, уларнинг келажаги учун куюниб гапираётганига гувоҳи бўлиш мумкин:
– Нега пайпоқсизсан? Бу ер нима ЛГБТми? Олий Мажлис мактабга пайпоқсиз боришни тақиқлаганини биласанми? Пайпоқ йўқ, мен кўрмаяпман [боланинг эшитилар-эшитилмас жавоби]. Ечма, ечма [пойабзални]. Бу пайпоқ эмас, яна бир марта айтяпман… Ниқоб, ниқоб қани? Манга қара, ўртоғингга айтмадингми, ҳозир сендан юқса-чи. Яна менга гапирасан (сал олдин видеода бола чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқитувчисидан нега у синфда ниқобини ечгани ҳақида сўраётганини эшитиш мумкин).
Бунда ўқитувчи вирус синтетик эканини таъкидлайди. Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус бир ҳайвондан иккинчисига, кейин эса одамга ўтиш сценарийси ҳақиқатга яқинроқ эканини, вируснинг лабораториядан чиқиш эҳтимоли кам эканини айтиб ўтганди.
Шарҳлар