Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳар ИИББнинг “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси билан танишди
Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторлари ўзи хизмат қилаётган ҳудудда яшайдиган, фуқаролар йиғинлари билан бирга ишлайдиган янги тизим яратилмоқда. Ички ишлар ходимлари уй-жой, автомобиль ва замонавий техника воситалари билан таъминланмоқда.
Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлашда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимиздаги барча милиция таянч пунктларини ўзаро боғловчи оптик толали тизим барпо этилмоқда.
Пойтахт Бош бошқармасида «Хавфсиз шаҳар» бошқарув ситуацион маркази ташкил этилмоқда. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, пост-патрул хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради.
Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.
Президент мазкур бошқарув тизимини икки йил давомида синовдан ўтказиш, ички ишлар ходимларининг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетида ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, тизим пухта ўзлаштирилганидан кейин уни мамлакатимизнинг барча шаҳарларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Шарҳлар