Коронавирусга чалинишлар сони 2950 тага етди, 2372 нафар киши соғайди. Ушбу хабарда коронавирус мавзуси бўйича шу соатга тўпланган янгиликларни ўқишингиз мумкин.
 
“Сариқ” ва “яшил” зоналарда карантинни сусайтиришмоқда

22 майдан бошлаб Тошкентда (ҳамда барча “сариқ” ва “яшил” зоналарда) истироҳат боғлари (умумий овқатланиш нуқталарисиз ва аттракционларсиз), музейлар, бадиий галереялар очилмоқда.

Ҳомийлик ёрдамини мувофиқлаштириш маркази ўз фаолиятини якунлади

Ҳокимлик тарқатган маълумотларга кўра, марказнинг деярли икки ойлик фаолияти давомида 1197 рақамига фуқаролардан мурожаатлар билан 65 431 та қўнғироқ бўлган. Жами 84636 киши ижтимоий ёрдам олган.

Шошилинч ёрдам марказининг Самарқанд филиали ёпилди

Марказдаги тиббий ходимлар ва беморларда коронавирус аниқланган. Марказ 19 майдан бошлаб ёпилди, шошилинч ёрдам вақтинчалик бошқа касалхоналарда кўрсатилади.

Коронавирус пандемияси Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳажмларини қисқартирди

Хусусан, импорт-экспорт ҳажми $1,2 млрд га қисқарди, бу 2018 йилги кўрсаткичлар билан қиёсланадиган кўрсаткич. 2020 йил январь-апрель ойлари якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $10,8 млрд ни ташкил қилган.

Бу орада эса, мамлакатнинг олтин-валюта хавфсизлик “ёстиқчаси”  $31,2 млрд ни ташкил этган, улардан $12,3 млрд ни чет эл валютаси, $18,5 млрд ни эса олтин захираси ташкил қилган.