Ўзбекистонда энергия самарадорлиги бўйича жамғарма ташкил қилинди
Ҳукумат қарори билан Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси ташкил этилди ва унинг низоми тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Жамғарманинг асосий мақсади иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларда ҳамда аҳоли уй-жойларида энергия самарадор лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш ва уларни амалга оширишни молиялаштиришдан иборат.
Жамғарма маблағларидан, жумладан, бинолар ва кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш, иссиқлик ҳимоясини яхшилаш бўйича лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлашни молиялаштириш, шунингдек энергия аудитини ўтказиш учун фойдаланилади.
Жамғарма Дирекциясининг ижрочи директори Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Энергетика вазирлигининг буйруғи билан лавозимга тайинланади.
Жамғарма Низомига кўра, лойиҳа ташаббускори Жамғармадан молиявий маблағ жалб этиш учун онлайн Дирекцияга (энергосервис сайтига) буюртма тўлдириш орқали мурожаат қилади.
Буюртма эксперт гуруҳи томонидан 5 иш кунида кўриб чиқилади.
Эксперт гуруҳи томонидан молиявий маблағ ажратиш тўғрисида хулоса берилган лойиҳалар бўйича Дирекция томонидан бир ҳафта муддатда таклиф тайёрланиб, кузатув кенгашига қарор қабул қилиш учун киритилади.
Дирекция Кузатув кенгаши томонидан маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган кундан кейин бир кун муддатда энергосервис сайти орқали онлайн тарзда қарз олувчига маълумот беради.
Жамғармадан маблағ ажратилиши Жамғарма ва қарз олувчи ўртасида шартнома билан расмийлаштирилади.
Шарҳлар