Ўзбекистоннинг транспорт корхоналари карантин сабабли 340 млрд сўм зарар кўрди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар беради Президент матбуот хизмати.
Йиғилишда мамлакат транспорт корхоналари карантин чекловлари сабабли ҳозиргача 340 миллиард сўм зарар кўргани, эпидемиологик вазият барқарорлашгунча бу рақамлар яна ошиши аниқлиги таъкидланди.
Соҳада пандемиянинг таъсирини юмшатиш, корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида карантиндан энг кўп зарар кўрадиган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилди, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилди.
Транспорт вазирлигига “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Европа-Хитой йўналишида юк ташиш бозорига кириш орқали қўшимча даромад олиш, жорий ва инвестициявий харажатларни оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.
Пандемия даврида темир йўл орқали юк ташишга талаб кескин кўпайган. Хусусан, халқаро юк ташувларида темир йўлнинг улуши 75 фоиздан 87 фоизга ошди. Бу хизматлар сифатини яхшилаш ва таннархни тушириш орқали мижозларни кўпайтириш учун яхши имконият. Лекин, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида асосий воситаларнинг эскиргани, жамият таркибида носоҳавий активларнинг кўплиги асосий фаолиятни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Шу боис, “Ўзбекистон темир йўллари” таркибидаги носоҳавий корхоналарни оптималлаштириш, тарифларни шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, вагон ва локомотив паркини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ички йўналишларда қатнайдиган автобусларни янгилаш, бундай корхоналарни барқарор молиявий ресурс билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Давлат раҳбари ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этди. 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган “фойдаланувчи тўлайди” тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
“Қамчиқ” довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.
Март ойида Anhor.uz мухбири карантин туфайли Uzbekistan Airways 20 млн доллар йўқотишини қайд этган эксперт билан суҳбатлашганди.
Шарҳлар