Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида чет тилларини ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 май куни чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши маълум қилинди, деб ёзади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Агентлик дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини таълим тизимида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади. Таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини ўргатишни ташкиллаштиради.
Шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касбий фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда, амалиётга жорий этади.
Давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикаларини яратиш ҳам унинг асосий вазифаларидан бири бўлади.
Агентлик хорижий тилларни билиш рейтингини ҳам юритади. Чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда малака тоифаларини беради.
Бундан ташқари, агентлик тил ўргатувчи видеодарслар, фильм ва кўрсатувлар яратиш, электрон дастурлар ишлаб чиқиш бўйича ҳам ишларни амалга оширади.
Шарҳлар