Виртуал қабулхона ходимлари боксчи Руфат Рисқиевникида бўлишди

Виртуал қабулхона ходимлари  боксчи Руфат Рисқиевникида бўлишди

Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси раҳбарияти, шаҳар ҳокимлиги ва бошқа давлат органларининг ходимлари аҳолининг қабулхонага мурожаатларини жойларда ўрганиш учун Тошкентнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи фуқароларнинг уйлари ва хонадонларида бўлишди.

Шунингдек ишчи гуруҳ машҳур ўзбек боксчиси Руфат Рисқиевнинг уйига ҳам ташриф буюришди. Боксчидан сизга қандай ёрдам керак деган саволга у “Ҳатто энг оғир вақтларда ҳам ҳеч кимдан ҳеч нима сўрамаганман”, деб жавоб берган.

Шунга қарамасдан Виртуал қабулхона ходимлари боксчига амалий ёрдам кўрсатиш масаласини назорат остига олишди. Масъул ташкилотларга Рисқиевнинг уйидаги коммуникациялар билан мавжуд муаммоларни ҳал этиш, зарур маблағларни ажратиш, унга тиббий ёрдам кўрсатиш ва  зарурат туғилганида бунга хорижлик мутахассисларни жалб этиш топшириғи берилди.

Қайд этиб ўтамиз, Руфат Рисқиев 1949 йилда Оққўрғонда шифокор оиласида туғилган. 12 ёшидан бошлаб Тошкентда машҳур мураббий Сидней Жексоннинг қўлида бокс билан шуғулланган. 1974 йилда жаҳон чемпиони бўлган, 1976 йилда Монреалдаги Олимпиада ўйинларида кумуш медални қўлга киритган. У 189 марта рингга чиқиб, 174 марта ғалаба қозонган.

Фотосурат: “Халқ билан мулоқот” гуруҳи, Facebook

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.