Президент қароргоҳига егуликларни ким етказиб беради
Ўтган йил июнь ойида биз Akfa Dream World МЧЖ “Кўксарой” қароргоҳига 40 кун ичида 400 млн сўмлик егулик етказиб бергани ҳақида ёзгандик. Давлат харидлари порталининг маълумотларига кўра, ўтган йили яна бир компания – Truffo Group МЧЖ егулик етказиб берган. Компания 82 кун давомида 385 млн сўмлик хизматларни кўрсатган.
Энг катта шартнома суммаси 350 млн сўмни ташкил қилган. Шартнома 30 март куни тузилган бўлиб, 40 кунга мўлжалланган. Хусусан, ҳужжатга биноан бир киши учун нонушта 20 минг сўмни, тушлик ва кечки овқат ҳар бир 30 минг сўмни ташкил қилган. бу даврда 112 киши нонушта қилган, 110 киши – тушлик ва 107 киши – кечки овқат.
Шунингдек “Ko’ksaroy qarorgohi” бошқармаси ўтган йил апрель ойида 10 млн сўмдан 13 млн сўмгача бўлган бир нечта шартномаларни тузган. 14 кунга мўлжалланган 2 апрелдаги биринчи шартномага кўра нонушта ва кечки овқатни қилган меҳмонлар сони 6 кишини, тушлик қилганлар сони эса 16 кишини ташкил қилган. 16 апрелдаги иккинчи шартнома ҳам 14 кунга мўлжалланган. бу даврда қароргоҳда 8 нафар меҳмон нонушта ва кечки овқатни қилган, 16 киши эса тушлик қилган. 30 апрелдаги 13 млн сўмлик охирги шартномага кўра 14 кун давомида 9 киши нонушта ва кечки овқатни қилган, 16 киши – тушлик.
Юридик шахслар реестрининг маълумотларига кўра, Truffo Group МЧЖ 2017 йилда рўйхатга олинган, устав жамғармаси 45 млн сўмдан ошади, асосий фаолият тури – ресторанлар ва овқат етказиб бериш. Таъсисчилар – Хожиев Фарҳод Қурилишевич (50%), Умаров Озоджон Мирюсупович (50%). Фарҳод Хожиев – Truffo Group (Merkato СКМ, Fleshka, Marmaris ресторанлари, «Трюфель», «Огни Ташкента») асосчиси.
Шарҳлар