Ўзбекистонда ген инженерияси ёрдамида ғўзанинг янги нави яратилди

Ўзбекистонда ген инженерияси ёрдамида ғўзанинг янги нави яратилди

Ўзбекистонда ген инженерияси технологияси ёрдамида қишлоқ хўжалик ўсимликларининг янги навлари устида ишланмоқда. Улар сифатли ҳосил олиш ҳамда маҳаллий далаларнинг ҳосилдорлигини оширишда ёрдам беради, деб ёзади Uzbekistan Today.

Бугунги кунда “Пролок” навли ғўза Ўзбекистонда ген инженериясини қўллаган ҳолда яратилган қишлоқ хўжалик ўсимликларининг ягона нави ҳисобланади. Ушбу нав дастлабки йилда 20 гектар майдонга экилди, ҳозир эса 17 минг гектардан зиёд майдонга экилмоқда. Олимлар Ўзбекистонда анъанавий тарзда етиштириладиган ҳамда асосан 4-5 турдаги пахта толасини берадиган ғўза навларидан 1-2 турдаги толани олиш имконини берувчи навни ярата олди. Ғўзанинг ушбу навидан юқори сифатли, синтетик толалар ёки юқори сифатли пахта толаларини қўшмаган ҳолда кўйлак газламаларини олиш мумкин.   

Мазкур нав Ўзбекистон Фанлар Академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси ҳузуридаги Геномика ва биоинформатика маркази лабораторияларида яратилди. Бугунги кунда марказда пахтадан ташқари бошқа қишлоқ хўжалик ўсимликларининг янги навлари устида ҳам иш олиб борилмоқда. Uzbekistan Today мухбирлари олимларнинг бу борадаги ишларини ўрганди.

Марказ лабораторияларида ғўзанинг асосий касалликлар ва зараркунандаларга чидамли бўлган янги навларини олишга қаратилган тадқиқотлар олиб бориляпти.
Мутахассисларнинг бошқа гуруҳи эса ғаллакорларнинг муаммолари билан шуғулланмоқда. Улар юқори кўрсаткичли клейковинага эга ун олиш имконини берувчи янги нав устида ишлаяпти. Бу макарон ва нон саноати учун жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Олимлар ҳосилдорликни камайтирувчи занг касалига чидамли бўлган ғалланинг янги навини яратиш устида фаолият олиб бормоқда.

Шу билан бирга, мутахассислар илдиз тизими яхшироқ ривожланган картошканинг янги навини ҳам олишга уринаётир.

Бундан ташқари эса, марказ лабораторияларида ген модификацияланган ҳужайралардан бир нечта узум тупи етиштириляпти. Мутахассислар меваларининг таркибида глюкоза миқдори кўп бўлган ноёб узум навини олишга умид қилмоқда. Бундай маҳсулот бозорда ҳар доим катта талабга эга.

Фотосурат: Uzbekistan Today

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.