Россия қўшинлари Украинага беш соат давомида дронлар билан ҳужум қилди. 42 та дрондан 38 таси уриб туширилган

Фото: www.dw.com

6 мартга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудуди бўйлаб дронлар билан зарбалар берди, деб ёзади Meduza. Украина қуролли кучлари (УҚК) маълумотларига кўра, Краснодар ўлкаси, Курск вилояти ва Қримдан жами 42 та учувчисиз учар қурилма учирилган, уларнинг 38 таси уриб туширилган.

УҚК Ҳаво кучлари қўмондонлиги хабар беришича, дронлар Днепропетровск, Одесса, Херсон, Хмельницкий, Черкасси, Харьков, Винница ва Суми вилоятлари осмонида йўқ қилинган.

Дронлар ҳужуми туфайли ҳаво тревогаси беш соат давом этган. Суми вилояти маъмурияти вилоят марказига уч марта зарба берилганини, натижада жабрланувчилар борлигини маълум қилди, аммо тафсилотларни келтирмади.

Нашр қайд этишича, Россия қўшинлари ҳар куни Украина ҳудудига зарбдор дронлар учиради. Ҳарбий экспертлар фикрича, бундай ҳужумлардан мақсад, шу жумладан, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини зўриқтириб, қимматли ўқларни дронларга сарфлашга мажбур қилишдан иборат.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.