Ўзбекистонда иккинчи бор NFC тизимини жорий этишга ҳаракат қилишмоқда
Тошкентда NFC (симсиз коммуникация) технологиясини жорий этишга бағишланган Ўзбекистон ва Франция ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда тижорат банклари, мобил алоқа компаниялари, шаҳар йўловчи транспорти ва чакана савдо соҳаси вакиллари, экспертлар ва мутахассислар иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.
Айни пайтда мамлакатда электрон тижоратни ривожлантириш, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Франциянинг “Sofrecom” ва “Aesma” компаниялари билан ҳамкорликда NFC (симсиз коммуникация) технологиясини жорий этишга киришилди. Мобил телефон орқали савдо харидлари тўловини бошқаришга кўмак берадиган ушбу тизим ғоят қулай ва самаралидир.
Яқин кунларда ушбу технологияни жамоат транспортида, кейинчалик, супермаркетлар ва савдо марказларида, дорихоналар, умумий овқатланиш муассасалари ва коммунал хизмат тўлаш пунктларида жорий этиш режалаштирилмоқда. NFC технологияси билан барча турдаги банк карталари орқали тўлов амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.
– Ўзбекистонда барча соҳаларга ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилаётгани диққатга сазовор, – деди “Aesma” компанияси лойиҳа раҳбари Матье Булек. – Ўзаро ҳамкорлигимиз самарали бўлиб, Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Бизнес-форумда Ўзбекистонда NFC технологиясини амалиётга татбиқ этишда тижорат банклари, мобил алоқа компаниялари ва савдо мажмуалари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
NFC (Near Field Communication) – бу кичикроқ масофаларда жойлашган қурилмалар, масалан, терминал ва уяли алоқа телефони ёки пластик смарт-карта орасида симсиз маълумотлар алмашиш имконини берувчи, таъсир радиуси кичик бўлган (10 см гача) симсиз юқори частотали алоқа технологиясидир.
Шарҳлар