Ўзбекистонда LED-телевизорлар ишлаб чиқариши ўзлаштирилди
“Ўзэлтехсаноат” Акциядорлик компанияси Ўзбекистонда LED-телевизорлар ишлаб чиқаришини ўзлаштириш тўғрисида “Zenit Electronics” МЧЖ ҚК ва Жанубий Кореянинг “SAMSUNG Electronics” компанияси ўртасида шартнома тузилгани ҳақида эълон қилди.
Ушбу компанияларнинг ҳамкорлиги 2011 йилда, улар биргаликда автомат кир ювиш машиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйганида бошланган эди. Телевизиор ва кондиционерлар ишлаб чиқарувчи “Zenit Electronics” МЧЖ ҚК мамлакатимиздаги маиший техника ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Ўтган йили корхона ясси панелли телевизорларни ишлаб чиқара бошлади. Жанубий Корея компанияси билан ҳамкорлик унга қисқа муддат ичида энг янги технологияларни ўзлаштириш ва сифат назоратининг барча талабларига амал қилган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини берди.
Янги маҳсулотни ишлаб чиқариш эса Тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш дстури доирасида амалга оширилади.
Ўтган давр мобайнида корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий миқдори 500 минг донадан ошди. Бу ерда 250 дан зиёд киши ишлайди, уларнинг кўпчилиги касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларини тугатгандан кейин ишга жойлашган. 2016 йилга келиб маҳаллийлаштириш даражасини 49 фоизгача етказиш кўзда тутилган. LED-телевизорлар учун бутловчиларнинг катта қисмини бевосита “Zenit Electronics” МЧЖ ҚК ўзида ва оралиқ корхоналарда ишлаб чиқарилади. Янги линияни ишга тушириш шу йилнинг сентябрь ойига режалаштирилган.
Ясси панелли телевизорлар ишлаб чиқаришини ўзлаштириш корхонани 2015 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга оширишдаги катта қадамдир. Ушбу жараён доирасида ускуналар модернизация қилинди, пластик буюмларни қуйиш ва босма платалар ишлаб чиқариши бўйича янги технология ўзлаштирилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2,9 млн доллардан ошади. Йил охиригача 9,9 минг дона тайёр маҳсулот чиқариш режалаштирилган бўлиб, келаси йили ушбу рақамни 10 минггача етказиш кўзда тутилган. 2017 йилга келиб эса корхонада ишлаб чиқариладиган телевизорларнинг сони 75 мингтани ташкил этади.
Аля Маслова,
«Правда Востока».
Шарҳлар