Рустам Рахимов: «Ўзимиз яратган технологияларни келгусида ўзимизга сотишларини истамайман»
Барча қийинчиликларга қарамасдан, Ўзбекистон илм-фани жаҳон миқёсидаги ишланмаларга эга. Бироқ принципиал янги, ҳақиқатдан ҳам инновацион ишланмалар – улкан меҳнат бўлиб, уни тушунадиганлар ва қила оладиганлар кам. Шунга қарамасдан, олимлар секин бўлса-да, ўз ишланмаларини амалиётга илгари суришмоқда.
Суҳбатдошимиз – техника фандари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг нанотузилмали материаллар ва уларнинг асосидаги қурилмалар лабораториясининг мудири Рустам Рахимов*.
Anhor.uz: Рустам Хакимович, COVID-19 чекинишни истамаяпти. Сиз муаллифи бўлган коронавируснинг олдини олувчи ва уни даволовчи инфрақизил нурланиш қурилмалари билан боғлиқ вазият бугун қандай аҳволда?
Рустам Рахимов: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илтимоси бўйича лабораториямиз турли илмий-тадқиқот институтларига, Тиббиёт академиясининг факультетлари ва лабораторияларига қирқта қурилмани етказиб берди. Мендаги маълумотларга кўра, айни пайтда биз таклиф қилган коронавирусни импульсли инфрақизил нурланиш ёрдамида даволаш методининг самарадорлиги диққат билан ўрганилмоқда. Биз натижани кутяпмиз.
Anhor.uz: Энергия самарадорлиги – дунёдаги ўткир муаммо ҳисобланади. Интернетда Жиззах вилоятида сиз яратган технология бўйича композит полиэтилен плёнка ишлаб чиқарилаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди, у энергия истеъмолини қисқартирар экан. Шу ишланма ҳақида гапириб берсангиз.
Рустам Рахимов: Лабораториямиз «Жиззахпластмасса» АЖ билан ҳамкорликда махсус керамика қўшилган композит полиэтилен плёнкани кенг жорий этиш устида ишламоқда. Лаборатория томонидан ишлаб чиқилган плёнка ташқарида минус 15 даража бўлганида ҳам иситиш тизимисиз Цельсий бўйича плюс 5 даража ҳароратни ушлаб тура олади. Агар ҳаво совуқроқ бўлса, иссиқхонани енгил иситиш мумкин. Бироқ шунга қарамасдан ёнилғи бир неча баравар тежалади. Ёзда, бизнинг жазирама иссиқда, ҳарорат Цельсий бўйича 34-36 даражадан юқори кўтарилмайди.
Дала синовлари 2015-2016 йилларда Фарғона вилоятидаги «Водий ниҳол умиди» иссиқхона фермер хўжалигида, радиуси 2.5 м ва узунлиги 60 м бўлган ёйсимон металл каркасли ҳар бири 300 м2 майдондан иборат иккита участкада ўтказилганди. Тегишли тайёргарлик ишларидан кейин каркаслар плёнка билан икки қават қилиб, қалинлиги 10 см ҳаво бўшлиғини қолдирган ҳолда қопланди.
Помидор кўчатини 2015 йил 15 мартда экдик. 27 мартда тунда кучли довул бўлди, шамол тезлиги сониясига 20-25 м ни ташкил қилди, об-ҳаво ёмонлашди, аёз пайдо бўлди. Плёнка икки томонидан (5 ва 15 метр) маҳкамлагичлари билан бирга узилиб кетди. Плёнкани фақат биргина ён томондан маҳкамлашга улгурдик, иккинчи ён томони очиқ осмон остида қолди, чунки 31 март куни 40 см қалинликда қор ёғди, тунда ҳарорат -8 даражагача тушиб кетди. 1 апрель куни кундузи ҳам шундай аёзли кун бўлди. 2 апрель куни эрталаб композит плёнка остида қолган кўчатлар тўлиқ сақланиб қолган қолганини кўрдик, ҳолбуки у иситилмаганди – газ ўчирилганди. Бу композит плёнканинг иссиқни сақлаш бўйича жиддий синови бўлди.
Бир вақтнинг ўзида ёнимизда жойлашган иссиқхонада шиша ва полиэтилен плёнкадан иборат икки қаватли қоплама остида, бунинг устига яна қисман қўшимча иситиш билан кўчатларнинг 50% га яқини йўқотилганди.
Бундай композит плёнкани қўллаш совуқ пайтда нафақат ҳароратни кўтариш, балки иссиқ пайтда уни камайтириш имконини ҳам беради. Бундан ташқари, ўсимликларнинг касалликларга чидамлилиги ошади, ҳосилдорлик 50% дан кўпга ўсади. Масалан, Исроилнинг ELPIDO навига мансуб помидорлар ҳосили бизнинг композит плёнкамиз остида ҳар бир кўчатдан ўртача 6-8 кг ни ташкил қилди, штатли шиша остида ўсган кўчатлардан эса фермерлар кўпи билан 4 кг помидор олди.
Композитнинг ишлаш механизми қуйидагича: функционал керамика инфрақизил нурланишни импульсли режимда ишлаб чиқаради. Импульсдаги энергия зичлиги ўртача қийматдан бир неча баравар ошиши мумкинлигини ҳисобга оладиган бўлсак, унда тупроқнинг исиш чуқурлиги мутаносиб равишда деярли худди шунча бараварга ошади.
Юқорида айтилганларни инобатга олган ҳолда, ушбу композитдан фойдаланиб, дашт ва чўл ерларини ўзлаштириш ғояси туғилди. Бунинг устига Кимё-технология университетида фаолият кўрсатувчи академик Абдулахат Туробович Жалилов томонидан тупроқда намликни ўз массасидан 300 баравар кўпроқ миқдорда ушлаб турувчи унча қиммат бўлмаган махсус гель ишлаб чиқилган. Биз биргаликда ўтказган дастлабки тадқиқотлар ушбу муаммони ҳал қилиш реал эканини кўрсатди.
Anhor.uz: Лаборатория ходимлари қандай янги материаллар билан ишламоқда? Бу йўналишда бирор қизиқарли ишланмалар борми?
Рустам Рахимов: Ходимларимиз карбонли композит (кўмир пластик) олиш ва уни пайвандлаш технологияси устида ишламоқда. Ҳамма муаммоларимиз шу ерда жамланган – яъни энергия ва вақтни минимал сарфлаган ҳолда яхши композитга эга бўлиш. Бизнинг ишланмамиз айнан шу муаммони ҳал қилди. Шунингдек биз металлни коррозиядан ҳимоялаш учун уни бўяш муаммолари билан ҳам шуғулланяпмиз. Карбонли композитнинг бошқа материаллар олдидаги афзаллиги, биринчи навбатда, унинг енгиллиги ва ақл бовар қилмас даражадаги мустаҳкамлиги, юқори даражада барқарорлиги ва чарчоққа жуда яхши қаршилик кўрсатиши билан боғлиқ. Ушбу афзалликларнинг битта материалда бирлашиши уни ноёб ва бошқа тармоқларда ўрни босилмайдиган материалга айлантиради.
Функционал керамиканинг қўлланиши карбонли композитни олишнинг янги технологиясини жорий этиш имконини беради, у анъанавий технологияга қараганда 72 баравар тезроқ. Ўзингиз бир фикр юритиб кўринг, агар кўмиртола анъанавий усулда 12 соат ичида олинса, биз таклиф этаётган технология худди шу ҳажмдаги карбонни бор-йўғи 10 дақиқада олиш имконини беради. Бунда материал сифати ҳам анъанавий метод ёрдамида олинган материалга қараганда анча яхшироқ бўлади. Энди ўзингиз қанча электр энергияси тежалишини ҳисоблаб кўринг, шунда лабораториямиз томонидан таклиф қилинган технологиянинг инновационлик даражасини тушунасиз. Бундан ташқари, полимер бўёқни металлда, қоғозда 240 баравар тезроқ қуритишга муваффақ бўлинди, бунда энг яхши сифатли матетериал олинди. Синовлар Германияда шу йўналишда фаолият кўрсатувчи етакчи компаниялардан бирида ўтказилди.
Anhor.uz: Лаборатория хорижий ҳамкорлар билан биргаликда илмий тадқиқотларни олиб борадими, ишланмаларни хорижда амалиётга татбиқ этишга уринишлар бўлдими?
Рустам Рахимов: Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги ва Беларусь Фан ва технологиялар қўмитаси турли йўналишлар бўйича, шу жумладан энергия ва энергияни тежаш, кимё технологияси, янги материаллар, озиқ-овқат хавфсизлиги, агросаноат технологиялари бўйича ҳамкорликдаги илмий лойиҳалар халқаро танловини эълон қилди. Беларусь Фанлар академияси Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти ушбу танлов эълон қилинишидан олдинроқ иссиқхоналар учун бизнинг композит плёнкамизни синовдан ўтказиш бўйича ишларни бошлаб юборганди. Биз белоруссиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда ушбу танловда қатнашишга қарор қилдик.
Гап шундаки, 2020 йилда Беларусда бор-йўғи 63 та қуёшли кун бўлди. Шу боис уларда бундай плёнкага эҳтиёж мавжуд. У ўсимликларга ёғинли об-ҳавода ҳам ривожланиш имконини беради. Ҳосилдорлик сезиларли даражада ошади.
Юқорида мен кўмирпластик (карбонли композит), полимер бўёқни қуритиш устида олиб борган ишларимизда эришган ютуқларимиз ҳақида гапиргандим. Қўшимча сифатида айтишим мумкинки, технологиямиз бўйича ундан деталларни 12 сония ичида пайвандлаш мумкин, дунёнинг энг яхши технологиялари бўйича эса бу 40 сонияда қилинади.
Аммо бизнинг ишланмаларни жорий этиш муаммоси яна шундаки, функционал керамика жаҳонда аналогларга эга эмас, шу боис аввалига бундай материалларнинг кўп функцияли эканига ишониш қийин.
Бироқ бизда ҳамкорлик бўйича таклифлар борасида танқислик йўқ. Бизда ҳозир Германия, Россия билан алоқалар мавжуд, энди, юқорида айтиб ўтганимдай, Беларусь бизнесидан ҳам таклифлар бор.
Хорижий компаниялардан лабораториямизда ишлаб чиқилган технологияларни ва ноу-хауни уларга сотиш бўйича анча таклифлар тушмоқда. Аммо мен ўзимизнинг технологияларни бир-икки йилдан сўнг ўзимизга сотишларини истамасдим. Шу боис уларни хорижликларга беришни тўхтатиб турганимни очиқ айтаман. Бизнинг амалдорларимизни эса ҳақиқатдан ҳам инновацион технологияларни жорий этишга қўзғатиш қийин , чунки унда йўриқномалар ва тайёр кўрсатмалар йўқ жойда, яъни ностандарт вазиятда ишлашга тўғри келади.
Румия Анварова суҳбатлашди
Бош саҳифадаги фотосурат: ЎзА
*Изоҳ:
– Ўзбекистонлик мутахассислар фаол кальций цитратини олиш усулини ихтиро қилди
– Коронавирусни даволаш мумкин, даволаш усули ўзбекистонлик олим томонидан топилди
– Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқми… ?
Шарҳлар