1999 йилдаги теракт иштирокчиларидан бири Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати 23 йилдан бери қидирувда бўлган 1999 йилдаги Тошкент терактлари иштирокчисини мамлакатга қайтарди, деб ёзади “Медиазона”.
Ушбу эркакка нисбатан жиноий иш қайта тикланди, бироқ у қайси моддаларга кўра олиб борилаётгани айтилмаган.
Тергов маълумотларига кўра, 54 ёшли Тошкент вилоятида туғилган фуқаро 1998 йилда Чеченистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтган, сўнг Ўзбекистонга қайтиб келган ва 1999 йил 16 февралда Тошкентда содир этилган терактларда иштирок этган. Шундан сўнг у «айланма йўллар» билан мамлакатни тарк этди. 2001 йилда у бошқа шахс номига сохта ҳужжатлар ёрдамида МДҲ давлатларидан бирининг фуқаролигини олишга муваффақ бўлган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган шахс “Туркистон ислом ҳаракати” террорчилик ташкилоти аъзоси бўлган ўзбекистонликларни Чеченистондаги ҳарбий лагерга жўнатишда ҳам иштирок этганини таъкидланди.
1999 йил февраль ойида Тошкентда олтита портлаш содир бўлган эди – ҳужумлар нишони давлат объектлари, жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий банк ва Президент Ислом Каримов бўлиши керак бўлган Вазирлар Маҳкамаси биноси эди. Портлашлар оқибатида 16 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ шаҳар аҳолиси жароҳатланди. Ўша куни Каримов радикал исломчилар унинг ҳаётига суиқасд қилишга ҳаракат қилишганини эълон қилди.
Шарҳлар