2022 йилда Россия компанияси Ўзбекистонга 14 та экзоскелет етказиб беради
Нижний Новгородда рўйхатга олинган «Реабилитационные технологии» MedTech-компанияси Ўзбекистон тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан 14 та экзоскелет етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Россия инновацияларга кўмаклашиш фонди компанияга 2016 йилда «Развитие-НТИ» танлови доирасида 20 млн рубль миқдорида грант тақдим этган. Бу ҳақда rb.ru ёзади.
«Нижний Новгород корхонасининг таклифи махсус комиссия томонидан барча эҳтимолий хорижий аналоглар орасида энг яхшиси деб тан олинди», — дея изоҳ беради фонд матбуот хизмати.
Экзоскелетларни етказиб бериш ишлари 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида бошланади.
“Реабилитацион технологиялар” корхонаси директори Александр Емельяновнинг сўзларига кўра, Нижний Новгород областининг ҳукумати компанияга экспорт шартномасини олишга кўмаклашди.
Ишлаб чиқилган тизза модулига эга экзоскелет орқа мия жароҳатига эга одамлар даволаш муассасаларида тикланиши учун мўлжалланган. Қурилма аравачада юрадиган ногиронлиги бор кишиларда қўлланади, чунки у зинапоядан кўтарилиш ва тушишни янгидан ўрганиш имконини беради. Экзоскелетлар нейроинтерфейс ва реабилитация қўлқоплари билан жиҳозланиши мумкин.
Қайд этиб ўтамиз, 9 август куни Шавкат Мирзиёев “Ногиронлиги бор шахсларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Ҳужжатга кўра, 2021-2023 йилларда Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказларини 54 та экзоскелет билан, шу жумладан 2021 йилда 14 та экзоскелет билан таъминлаш режалаштирилганди.
Шарҳлар