2022 йилга келиб Ўзбекистонда гемодиализ ва шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 35 та марказ ташкил қилинади
Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра, 2021-2022 йиллар давомида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари босқичма-босқич ташкил этилади.
Марказларнинг асосий вазифалари:
– “олтин соат” тамойили асосида қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;
– ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш;
– Марказларга бириктирилган туман (шаҳар)лар аҳолисига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибда тиббий хизмат кўрсатиш.
Марказларга ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратилади. Марказларда ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади.
Ҳужжат билан аҳолига кўрсатиладиган нефрология ва гемодиализ ёрдамини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари режаси тасдиқланди. У қуйидагиларни кўзда тутади:
– ҳудудларнинг умумий ўринлар фонди ҳисобидан нефрология ва гемодиализ бўлимларини 50 ўрингача етказиш;
– диализ аппаратлари ва сарфлаш воситаларини харид қилиш;
– 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларида нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш;
– Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази биноларини қуриш ва реконструкция қилиш.
Шарҳлар