Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистонда 5 кг олтин билан қўлга олинган ўзбекистонликлар билан боғлиқ суриштирувни назоратга олди

Фото: “Дунё” агентлиги

Жорий йил 6 май куни Дубайдан Деҳлига учиб келган икки нафар ўзбекистонлик фуқаро тилла қуймаларини Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб киришга уринаётганда қўлга олинган эди. Ҳозир уларга нисбатан суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан фуқаролар билан боғлиқ суриштирув жараёни назоратга олинган ва Ҳиндистоннинг масъул ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ишчи алоқалар ўрнатилган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Шунингдек, вақтинча ҳибсга олинган ватандошларимиз билан учрашув ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Дипломатик миссия ватандошларимиздан хорижга, жумладан, Ҳиндистонга сафар қилиш чоғида чет давлатлар қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилишга, турли шубҳали гуруҳлар ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмасликка, самолётга чиқиш олдидан бегона кишилардан юк ёки буюмлар олмасликка чақиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.