84 афғон ҳарбийси Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтди (янгиланди)
14 август куни Афғонистон билан давлат чегарасининг участкаларидан бирида Афғонистон Қуролли Кучларининг 84 нафар ҳарбий хизматчилари гуруҳи давлат чегарасини кесиб ўтди ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари чегара нарядлари томонидан ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар беради.
Хабарда таъкидланганидек, чегарани бузувчилар қаршилик кўрсатмаган ва ёрдам сўраб мурожаат қилишган, шу жумладан уч ярадорга тиббий ёрдам кўрсатиш сўралган.
«Мазкур ААфғонистон фуқаролари билан зарур фильтрлаш тартиблари ва санитария -эпидемиология тадбирлари ўтказилди, баъзиларига тиббий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, озиқ -овқат ва вақтинча турар жой ташкил этилди».
«Термиз-Хайротон» кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилмоқда, гуманитар ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтариш ва Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокара олиб бормоқда.
«Таъкидлаш жоизки, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган режимда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган. Термизда куч тузилмалари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилди ”.
Аввалроқ Толибон ҳаракати Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри-Термиздан тахминан 60 км узоқликда жойлашган Мозори Шарифни эгаллаб олган эди.
Соат 11:10 да янгиланди: 15-август соат 10:00 ҳолатига кўра, Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшагани қайд этилган. Хусусан, кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этган.
«Бу фаол сиёсий ва дипломатик чоралар, шунингдек олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида мумкин бўлди», – деб таъкидлашмоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида.
Шарҳлар