АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Тошкентда аёллар ва қизлар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш машғулотларини бориб кўрди

Источник: пресс-служба посольства США в Узбекистане

АҚШ элчихонаси Тошкентда хотин-қизлар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш бўйича машғулотларнинг янги даврасини бошлади. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Самбо федерациясининг профессионал инструкторлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Машғулотлар “BeFit Box” замонавий спорт марказида бўлиб ўтади. Иштирокчилар машғулотлар давомида ўзларини жисмоний таҳдидлардан ҳимоя қилиш, кучли бўлиш ҳамда ўзини хотиржам тутишга оид техникаларни ўрганадилар. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг матбуот хизмати хабар беради.

Айни пайтда Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси ёрдамчиси Дональд Лу АҚШ ҳукуматининг хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш ва уларга нисбатан зўравонликка қарши курашни қўллаб-қувватлашини намойиш этиш мақсадида бу машғулотларда қатнашди.

“Дипломат сифатида менинг вазифам ҳамиша тинч ва осойишта дунёни ёқлашдан иборат. Тинчлик мен учун нафақат уруш ва қуролли тўқнашувларнинг йўқлиги, балки халқларнинг янада эркин, соғлом ва хавфсиз турмуш кечириши ҳамдир. АҚШ ҳукумати Ўзбекистондаги хотин-қизларга ёрдам беришга қаратилган ушбу лойиҳага ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнундир”,- деди ўз кириш нутқида давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу. 

2021 йили АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси илк бор хотин-қизлар учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш бўйича лойиҳани ишга туширди. Ўтган йилдаги лойиҳа муваффақияти, битирувчиларнинг ижобий фикр ва мулоҳазалари, лойиҳанинг жамиятга таъсири ҳамда хотин-қизларнинг бундай машғулотларда иштирок этишга бўлган кучли талабини инобатга олиб, АҚШ элчихонаси бу лойиҳани 2022 йилда ҳам давом эттиришни режалаштирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.