АҚШ Марказий қўмондонлигининг қўмондони: «Ўзбекистон — минтақадаги етакчи давлат, унинг хавфсизлиги – бу минтақа хавфсизлиги»
АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла Масъулият зоналари бўйлаб 90 кунлик танишув турнеси доирасида Ўзбекистонга ташрифи қандай ўтганини гапириб берди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.
Қўмондон Президент Мирзиёев, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Маҳмудов, генерал-лейтенант Қурбонов, генерал-майор Холмуҳамедов ва мамлакат Қуролли кучлари раҳбарияти билан учрашди.
«Бу икки мамлакат қуролли кучларини ташвишга солаётган асосий мавзулар бўйича муҳим ва юқори даражадаги муҳокамалар бўлди».
Шунингдек Майкл Курилла Самарқандда ҳам бўлди. Унинг сўзларига кўра, «офисда ўтирган ҳолда бирор халқ маданиятини ҳис қилиб бўлмайди».
«Дунёнинг нариги чеккасида туриб, видеоанжуман орқали мураккаб, жасур ва ажойиб бир жамиятни тушуниш ҳам осонмас. Бунинг ўрнига, Ўзбекистонни чин маънода англашни истаган киши вилоятларга бориб, рақсларини томоша қилиши, қўшиқларини эшитиши, кўпкарида беллашаётган тулпорларнинг жиққа терга ботишини кўриши, “Регистон” мажумуаси меъморчилигидан завқланиши лозим».
Марказқўм қўмондони кўпкари иштирокчиларининг маҳорати, шижоати ва саботи уни қизиқтириб қўйганини, бу йил салқин ойларда бу мусобақада ўзи ҳам иштирок этиш учун яна қайтиб келишга қарор қилганини маълум қилди.
«Самарқанддаги бундай маданий тадбирлар худди бугунги учрашувлар каби аъло даражада ўтди. Зеро, бу ерга келишимдан асосий мақсад минтақа хавафсизлигини таъминлашда зарур бўлган муносабатларни ўрнатишдан иборат эди. Ўзбекистон минтақада етакчи, Ўзбекистонинг хавфсизлиги эса минтақа хавфсизлигидир».
Майкл Курилла ушбу ташрифни “бошқаларни тинглаш”га асосланган ташрифнинг бир қисми.., Марказқўм масъул бўлган ҳудудлардаги мамлакатларга ташрифдир”, деди.
«Мен ҳар бир мамлакат раҳбариятидан улар дуч келаётган таҳдидлар, муносабатлардаги бўшлиқлар ва энг муҳими, шерикчилигимизни мустаҳкамлаш учун истиқболдаги имкониятлар ҳақида эшитишни истайман. Бу сафар якунида мен ўзимнинг 90 кунлик ҳисоботимни АҚШ раҳбариятига топшираман. Бу ушбу минтақадаги кузатишларимнинг дастлабки ёзма шарҳи бўлади. Ҳисоботни ёзарканман, мен унда нафақат ўз қарашларимни, балки ўзбекистонлик ҳамкорларимиз ва дипломатларнинг ҳам фикрларини киритмоқчиман. Шу тариқа, мен ўз кузатувларимда АҚШдаги бош қароргоҳимизда турган ҳолда эмас, балки шахсан ва юзма-юз учрашувдаги суҳбатларимизга асосланаман».
Марказқўм қўмондонининг сўзларига кўра, АҚШ жанговар тиббий хизмат кўрсатиш тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи.
«Биз муҳокама қилган яна бир масала – бу зўравон мафкура таҳдиди бўлиб, уни фақатгина ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқ. Биз бундай мафкурани қўллаб-қувватловчи гуруҳлар хавф-хатар сифатида қолаётганидан хавотирдамиз. Мисол учун, мен ўзим апрель ойида ташриф буюрган Сурия шимоли-шарқидаги Ал-Ҳол лагерида кучайиб бораётган таҳдид ҳақида қаттиқ гапирдим. Бу келгусида катта хавф туғдирадиган вазиятдир. Лагерда 57000 га яқин одам яшайди, уларнинг аксари ИШИД болалари ёки аёлларидир. Мен Ўзбекистон раҳбариятининг ўз ватандошларини бу лагердан ўз юртига қайтариш бўйича қилган саъй-ҳаракатларини олқишлайман».
Томонлар махсус амалиёт кучлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилди. Марказқўм қўмондони бу унинг охирги ташрифи эмаслигини таъкидлади.
«Мен ҳали бу ерга кўп келаман. Тез орада мени Ўзбекистонда кўпкари ўтказиладиган майдонда кўрасиз, деган умиддаман».
Шарҳлар