АҚШ Ўзбекистонга 300 мингдан ортиқ “Pfizer” вакцинаси ҳадя этди
2021 йил 6 декабрь, Тошкент, Ўзбекистон – Америка халқининг сахийлиги туфайли, коронавирусга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистонга 301,860 доза “Pfizer” вакцинаси ҳадя қилинди. Ушбу ҳадя Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал COVAX ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатаётган хавфсиз ва самарали 1,1 миллиард доза вакцинанинг бир қисмидир.
Вакцина келишини олқишлаб, АҚШ элчиси ўринбосари Пол Полетес шундай деди: «Хавфсиз ва самарали вакциналар пандемияга барҳам бериш учун энг яхши воситадир. Америка Қўшма Штатлари 1 миллиард доза Pfizer-BioNTech COVID-19 вакцинасини сотиб олиш ва дунё бўйлаб хайрия қилиш мажбуриятига содиқ қолади. Бунинг натижасида дунё миқёсида АҚШ етказиб берадиган вақциналар сони 1,1 миллиарддан ошади».
Ўзбекистонга 2021 йил июль ойидан бери етказиб берилган АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналар сони 5,3 миллион дозадан ошди. Шунингдек, қисман АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга шу кунга қадар 2,4 миллион доза AstraZeneca вакцинаси етказиб берилди.
Бундан ташқари, жорий йилда қабул қилинган Америка қутқарув режаси қонунига (American Rescue Plan Act) мувофиқ, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) яқинда Ўзбекистонга COVID-19 билан қурашиш учун 2,5 миллион доллар ажратди. Ушбу ёрдам билан Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 16 миллион доллардан ошди.
Пандемия бошланганидан буён USAID кенг кўламли тестлар учун миллий лаборатория тизимларини кучайтириш, лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекцияларни назорат қилиш, диагностика қобилиятини ошириш, COVID-19 кузатуви ва унга тезкор жавоб беришни яхшилаш, инфекция юқтирган одамларни даволашни кучайтириш, жамоатчиликнинг коронавирус ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда жамоа иштироки ва кўнгиллиларни сафарбар қилишда Ўзбекистон билан яқиндан иш олиб борди.
АҚШ бутун дунё бўйлаб 200 миллиондан ортиқ COVID-19 вакцинаси тарқатди ва келгусида яна миллионлаб вакцина етказиб беради. Қўшма Штатлар COVAX глобал вакцина ташаббуси доирасида энг йирик ягона донор ҳисобланади.
Касалликлар чегара билмайди. Америка Қўшма Штатлари COVID-19 пандемиясига барҳам бериш, унинг ҳалокатли ижтимоий ва иқтисодий таъсирини юмшатиш ва келажакда касаллик авж олишлига янада яхши тайёрланган дунёни тиклаш учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга содиқдир.
Шарҳлар