Адлия вазири: «Ҳокимлар – халқнинг ёлланма ишчиси»
Ҳокимлар ўзларини ҳокимият сифатида ҳис қилмасликлари керак, улар ўз халқига хизмат қилиши шарт. Адлия вазирлигининг раҳбари Русланбек Давлетов журналистлар олдида ана шундай баёнот билан чиқди, деб ёзади “Спутник” нашри.
E-qaror тизимлари ўзининг самарадорлигини кўрсатди, энди ҳокимликлар томонидан қабул қилинадиган қарорларни барча хоҳловчилар кўриши мумкин. Шу сабабли ҳокимлар қабул қилаётган ҳужжатларнинг бир қисми ижтимоий тармоқларда ва ОАВда норозилик тўлқинини келтириб чиқармоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдорини назорат қилиш осонлашган, чунки ҳаммаси онлайн тарзда кўриниб туради.
Ушбу тизим туфайли ҳокимликларнинг 2,5 мингта ноқонуний қарори аниқланди, – дея қайд этади адлия вазири.
Бироқ амалдорларнинг кўпчилигига E-qaror тизими ёқмаяпти. Айрим ҳокимликлар маҳаллий бюджетлар сарфи билан боғлиқ муайян ҳужжатларни ёпиб қўя бошлади, улар жамоатчилик ғазабидан қўрқяпти. Ахир фуқаролар “Нега бу лойиҳага шунча пул ажратиляпти?”, деб қизиқиши мумкин
Давлетовнинг айтишича, E-qaror тизимини вазирликларда ҳам жорий этиш режалаштирилган, чунки уларда ҳам ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфланмоқда.
Адлия вазирлиги раҳбарининг фикрича, агар ҳудудлар раҳбарлари ҳукмдор эмас, балки ўз халқининг ёлланма ишчиси эканини тушуниб етса, мамлакатда вазият яхши томонга ўзгаради.
Русланбек Давлетов мамлакатдаги барча раҳбарлар ёлланма ишчилар эканини ва “ҳеч ким қонундан устун эмаслигини” таъкидлади.
Шарҳлар