«Бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади» – Саида Мирзиёева қизғин баҳсларга сабабчи бўлган Sevimli телеканалидаги сериал ҳақида
Sevimli телеканалининг эфирида қизни зўрлаш саҳнаси акс этган телесериал кўрсатилди. Ушбу саҳна Интернет тармоғи фойдаланувчилари орасида шов-шувга сабабчи бўлди, ижтиомий тармоқларда одамлар уни қораловчи шарҳларни қолдира бошлади.
Вазиятни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз назорати остига олди. Агентликнинг қайд этишича ушбу ҳолат юзасидан дастлабки текшириш ишлари ўтказилади. Айни пайтда экспертиза тайинланган.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раисининг ўринбосари, Ўзбекистонда Гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева ушбу вазиятга муносабат билдирди.
«Мамлакатимизда, шубҳасиз, сўз ва ижод эркинлиги мавжуд. Лекин бир томошабин сифатида “Севимли” каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган «Сабрия» миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман».
Саида Мирзиёева сериалда бадиий савия йўқлигини билдиради.
«Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман».
Мирзиёева сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нима деган саволни беради.
«Ҳамкасб-аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғояси-ку, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек. Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва жирканч эпизодлар – аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона “тўғри” йўли – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар «доно» маслаҳат!. Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган».
Бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан биридир, – дейди Саида Мирзиёева.
«Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу – Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос».
Мирзиёева бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақирди. «Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек тааллуқли!».
Шарҳлар