Алишер Усмонов матбуот хизмати OCCRP текширувига изоҳ берди
Алишер Усмонов матбуот хизмати OCCRP томонидан тадбиркорнинг синглиси устидан олиб борилган текширувга изоҳ берди, деб ёзади Kun.uz.
Матбуот хизмати “ОАВда таниқли тадбиркор, молиячи ва меценат Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиеванинг шахсий ҳисоб-варақларида жойлаштирилгани айтилаётган баъзи ажойиб суммалар ҳақидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилгани”ни маълум қилди.
“Нарзиева хонимнинг маблағлари ва шахсий ҳисоб рақамларига оид бу маълумотлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди ва, албатта, улар журналистлик этикаси меъёрларини эътиборсиз қолдириб, шов-шувларни хуш кўрувчилар томонидан Алишер Усмоновнинг обрўсига путур етказиш ва унга соя солиш мақсадида тарқатилмоқда. Ушбу ноаниқ маълумотнинг эълон қилиниши Алишер Усмоновнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказади”, — дейилади хабарда.
Алишер Усмонов матбуот хизмати ғаразли туҳмат тарқатувчиларни жавобгарликка тортиш, жабрланганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонунда назарда тутилган барча чоралар кўрилишини маълум қилди.
Аввалроқ ўзбекистонлик тўрт киши Швейцариянинг Credit Suisse банки мижозларига нисбатан халқаро текширувга учрагани хабар қилинганди. Улар орасидан Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази ҳамда 39 та давлатдаги журналистлар Саодат Нарзиевани топишган.
Шарҳлар