Андижонда муҳандислик мактаби ташкил этилади

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Асака шаҳридаги “UzAuto Motors“ акциядорлик жамиятига ташриф буюриб, у ердаги Тадқиқотлар ва ривожлантириш маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар беряпти.

Шунингдек, марказда дуал таълим йўналишида таҳсил олаётган Андижон шаҳридаги техник ва муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрловчи техникум ва олий таълим муассасаларининг педагог-ўқитувчилари, ўқувчи ҳамда талабалари билан учрашув ўтказди.

“Унда Муҳандислик мактабини ташкил этиш масалалари бўйича фикр алмашилди. Тармоқ ташкилоти, олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилажак муҳандислик мактабининг ўзига хос жиҳатлари муҳокама қилинди”, – дейилади хабарда.

Вазир мазкур Муҳандислик мактаби инновацион маданиятнинг ривожланишига, кадрлар тайёрлаш сифатининг ошишига, шунингдек, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.