Қашқадарёда дарсдан ташқари пайтда ташкил қилинган тадбирга юпун кийинган ўқувчи қизлар жалб қилинди
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати кечки пайт мактаб ҳовлисида ташкил этилган тадбирга юпун кийинган ўқувчилар жалб этилгани акс этган суратларни эълон қилди (кейинчалик ушбу суратлар ўчирилди). Бу ҳақда Daryo нашри ёзади.
“Ёшлар келажагимиз” сарлавҳаси остида жойланган постдаги суратлар Шаҳрисабз шаҳар Ёшлар ишлари агентлиги ва сектор раҳбарлари “ёшлар дафтар”ида турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сертификатлар топшириш маросимидан олинган. ХТВ матбуот котибининг билдиришича, шаҳардаги 1-мактаб ҳовлисида ташкил этилган ушбу тадбирга унга мутлақо алоқаси бўлмаган ўқувчилар жалб этилган.
«Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини мактаб вақтидан ташқари, уларнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигига хавф соладиган турли тадбирларга жалб қилмаслик бўйича доимий равишда огоҳлантириб келинади. Афсуски, шунга қарамай, ушбу суратдаги каби аянчли ҳолатлар юзага келмоқда. Болаларнинг мактабдан ташқари вақтларда тадбирга жалб этилиши ва, энг ачинарлиси, совуқ об-ҳаво шароитига қарамай уларнинг юпун кийимларда эканлиги ушбу ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби, деб ҳисоблаймиз», — дея қайд этади ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамова.
Вазирлик мутасаддиларни бундай ҳолатларга йўл қўймасликка чақирган.
«Халқ таълими вазирлиги ҳудуд мутасаддилари саналган ҳокимлар, сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъулларидан таълим муассасада мактаб вақтидан ташқари тадбирларни ташкил этаётганда мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларини жалб қилиб, бу каби ҳолатларга йўл қўймасликларини қатъий сўраб қолади. Шу билан бирга, жойлардаги халқ таълими бошқарма, бўлимлари ва мактаб раҳбарлари ҳам тегишли хулосалар чиқарган ҳолда, бундай ҳаракатларга йўл қўймасликлари юзасидан қатъий огоҳлантирилади», – дейилади хабарда.
Шарҳлар