«Бахти Ташкентский»нинг акаси Шухрат Қудратуллаев қўлга олингани айтилмоқда
«Бахти Ташкентский» Бахтиёр Қудратуллаевнинг акаси Шухрат Қудратуллаев қўлга олинди, дея хабар бермоқда Kun.uz ўз манбасига таяниб.
1966 йилда туғилган Шухрат Қудратуллаев олдинроқ Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида терговдан қочиб яширинган эди.
У билан бирга яна икки киши – 1964 йилда туғилган Ҳусан Исомиддинов ҳамда 1988 йилда туғилган Феруз Вапаевга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинганди. Ушбу шахсларни кўрган ёки қаерда эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлганлардан Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилиш сўралган.
Аввалроқ, 2023 йилнинг 3 декабрида Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан “Бахти Ташкентский” ва “Бахти Янгиабадский” лақаби билан танилган 52 ёшли Бахтиёр Қудратуллаев қўлга олинган эди.
Кейинроқ унга яқин бўлган шахслар, қолаверса унинг 1996 йилда туғилган ўғли Қудратуллаев Ихтиёр ҳам қўлга олинган.
Шарҳлар