Балиқ етиштиришга 200 млрд сўм ажратилади
Ўзбекистон президенти имзолаган қарорга кўра Марказий банк тижорат банклари орқали интенсив усулда аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш лойиҳаларини молиялаштириш учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида 2022 йилда 200 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлинди.
Шунингдек, ҳужжат билан Молия вазирлиги ва тижорат банкларининг Франция тараққиёт агентлигининг “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида жалб қилинаётган кредит линияси ҳисобидан 20 миллион евро миқдоридаги маблағларни интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
2022 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади.
2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Бундан ташқари, ҳужжат билан “Ўзбекчорванасл” агентлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Марказий банкнинг 2022 йил 15 январдан бошлаб “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида тижорат банклари томонидан аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш учун ажратиладиган кредитни базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача ошириш тўғрисидаги таклифи маъқулланмоқда.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан балиқчилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг бир йиллик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизигача, бироқ ойига 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади. Бунда мазкур харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўм йўналтирилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича балиқчилик хўжаликларининг масъул ходимлари иштирокида “Ишга марҳамат” мономарказларида ўқув курсларини ташкил этсин.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда “Айдар-Арнасой” кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди:
– “Айдар-Арнасой” кўллар тизимининг Арнасой сув омбори ҳудудида балиқ овлашга бир йил муддатга мораторий эълон қилиш;
– хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида шўр сувда балиқ захираларини кўпайтириш бўйича лаборатория марказини ташкил этиш;
– “Айдар-Арнасой” кўллар тизими дирекцияси” ДУКни қайта ташкил этган ҳолда унинг устав капиталидаги давлат улушини, камида 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 1 000 та иш ўрнини яратиш ва 2025 йилга бориб йилига 20 минг тонна балиқ овлаш учун балиқ захираларини яратиш шарти билан ишончли бошқарувга бериш.
Шарҳлар