«Би-би-си»: Луганск яқинида янги қабрлар топилди, 37 та қабрнинг бири ўзбекистонлик фуқароники экани айтилмоқда
Луганск яқинида Украина ҳудудида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси таркибида жанг қилган бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг янги дафн қилинган жойи топилди. Баъзи қурбонларнинг яқинлари уларнинг ўлими ҳақида билмаган, дея хабар беради BBC рус хизмати.
Февраль ойи бошида Луганск аҳолиси маҳаллий қабристонда 42 та янги қабрни топган. Қабристонга энг яқин қишлоқ аҳолиси қабристонга бормаганини, дафн этилганларнинг ҳеч бири уларга таниш эмаслигини айтишган.
“Биз бу одамлар бу ерда ётибди, қариндошларининг эса бундан хабари бўлмаса-чи, деб ўйлаб қолдик. Бу ердаги барча қабрларни суратга олдик, уларни бедарак йўқолганларни қидириш гуруҳлари орасида тарқатдик. Менга тўққиз киши жавоб берди. Уларнинг барчаси яқинлари ҳалок бўлганини билмаган. Уларни қидиришган, хабар кутишган”, – дейди журналистларга қабрларни топган аёллардан бири.
Нашр очиқ манбаларда 37 нафар эркак ҳақидаги маълумотлар Луганск яқинидаги қабр лавҳаларидаги ёзувларга тўғри келадиган маълумотларни топди: улардан 35 нафари россиялик, бири Беларусь фуқароси ва яна бири Ўзбекистон фуқароси эканлиги аниқланди.
Бундан ташқари, Россия судларининг веб-сайтларида журналистлар Луганскда дафн этилган 20 нафар кишининг исмига тўлиқ тўғри келадиган шахсларнинг суд ҳукмларини топган. BBC хабарига кўра, уларнинг барчаси ҳозир қамоқхонада жазо муддатини ўташи керак эди. Ўзбекистонлик Мақсадбек Хожиев бўёқчи бўлиб ишлаган ва 2021 йилда героин сотишга уринишда айбланиб қамалган.
Маҳбуслардан бирининг онаси ўғлининг “Вагнер” ХҲК билан шартнома имзолаганини, оёғидан яраланганини ва охирги марта 18 сентябрь куни у билан боғланганини айтади. Шу билан бирга, қабристондаги лавҳаларда унинг вафот этган санаси “15 сентябрь” деб кўрсатилган. Шунга ўхшаш воқеани исмлари ва туғилган саналари дафн плиталарида кўрсатилган маълумотларга мос келадиган яна икки кишининг қариндошлари ҳам айтган.
Шарҳлар