Боғчалар ва мактабларда гимнастика бўйича дастурлар киритилмоқда

Источник: pexels.com

Президент “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан:

боғчаларда “Гимнастикага илк қадам” дастури;

мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган “Болалар учун гимнастика” дастури жорий қилинади.

Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилади. Мазкур Гимнастика марказлари юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланиб, ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди. Гимнастика марказлари ўқувчиларининг умумий контингенти жами 132 нафарни ташкил этиб, улар 1–11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади.

Гимнастика марказларининг ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги диплом берилади. Мазкур диплом берилган мутахассислик (тренер, тренер-селекционер) бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш мумкин бўлади.

2023/2024 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиалларида гимнастика бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари 2 бараварга оширилади.

2023 йил 1 январдан анъанавий тарзда гимнастика спорт турлари бўйича Ўзбекистонда қуйидаги мусобақалар ўтказилади:

– гимнастрада спорт тури бўйича хотин-қизлар ўртасида Президент кубоги;

– бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасида “Ёрқин юлдузча” ва катталар ўртасида “Grand Prix Uzbekistan” халқаро турнири;

– спорт гимнастикаси бўйича “Духоба йўл” халқаро турнири;

– трамполин бўйича “Самодан баланд” халқаро турнири;

– халқаро гимнастика кунига бағишлаб ўтказиладиган “Gymnastics Day” бутун Ўзбекистон оммавий форуми;

– умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Халқ таълими вазири кубоги”;

– гимнастика спорт турлари бўйича Халқаро гимнастика федерациясининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар ва кубоклар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.